Чинакам алп ўғлонларга хос юриш, виқор, салобат, айниқса, ватанга муҳаббатни дуркун йигитларда кўраман. Давлатимиз рамзлари қабул қилинган саналарда ўтказиладиган тадбирларни ҳам мард ўғлонлар, юрт посбонларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу ўринда жорий йилнинг 10 декабрь куни мадҳиямиз шарафига бўлиб ўтган тадбирдаги бир лавҳани алоҳида тилга олгим келди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулованинг “Мадҳиям” қўшиғи янграй бошлаши ҳамоно майдонни гўёки денгиздай тўлқинланган Ўзбекистон байроғи эгаллади. Тахминан 100 метрлар келадиган байроқ матосининг остида камида 100 нафар миллий гвардия йигитлари ва ҳарбийлар шахдам борарди. Бу ҳолат тадбирдаги каттаю кичикни ҳайратга солди. Аксарият ёшлар гўзал бу кўринишни фото ва видеоларга муҳрлади. Байроқнинг остида мағрур юриб бораётган ҳар бир йигитга ҳавасим келди. Мана, ватанпарварлик, мана чинакам муҳаббатлилик, содиқ фарзандлик. Агар ҳаммамизнинг қалбида шундай ватанпарварлик туйғуси жўш уриб бўлса борми...
Нима учун ҳарбийларга маънавият чуқур сингдирилади?
Яқинда Нукусдаги ҳарбий қисмларнинг бирида янгидан қурилган кўркам Маънавият ва маърифат маркази ҳамда қисм штаби бинолари фойдаланишга топширилди. Марказдаги замонавий кутубхона, муҳташам тадбирлар зали ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини юксалтиришга хизмат қилса, замонавий жиҳозланган спорт зали уларнинг жисмоний баркамоллигида муҳим омил бўлади. Яратилган шароитлар, имкониятлардан аскарларнинг кўнгли тоғдек кўтарилгани аниқ.
Ҳарбий қисмларда бундай масканларнинг ташкил этилиши миллий армиямиз қудратини, салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга, албатта.
—Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг маънан юксалишида муҳим омил бўлди, — дейди Мудофаа вазирлигининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бош бошқармаси бош мутахассиси Мансуржон Мўминов. — Айниқса, қарор билан ҳафтанинг ҳар жума куни “Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни” этиб белгилангани бўлажак ҳарбийларнинг маънавий дунёқарашини кенгайтириш, уларни теран фикрлайдиган, ватанга чинакам садоқатли этиб тарбиялашга хизмат қиляпти. Шунингдек, ҳарбий соҳа раҳбарларида ҳам интизом билан бирга маънавий-маърифий тафаккурни доимий бойитиб бориш муҳим ўрин тутади. Уларнинг бошқарувчиликка хос фазилатларини юксалтириш, ҳарбий офицерларни армия ва халқимиз ҳамжиҳатлигини ҳис этган ҳолда тайёрлаш бугунги кун талабидир.
Бу йўналишда вазирлик тизимда амалга оширилаётган ишларни таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги кунда ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг маънавий қиёфасини тубдан ўзгартириш юзасидан олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар янги тизим асосида ташкил этилганлиги ўзининг ижобий натижаларини намоён қилмоқда. Жумладан, 2021 йилда вазирлик ва идоралар ўртасида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни ташкил этиш мақсадида ўтказилган “Энг намунали вазирлик ва идора” танловида Мудофаа вазирлиги фахрли 1-ўринни эгаллаб, “Дамас” автомобили ҳамда 15 миллион сўмлик бадиий адабиётлар тўплами билан тақдирлангани соҳада амалга оширилган шундай ишларимизнинг ёрқин намунасидир.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардиясининг Қуролли Кучлар тизимида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муносиб ҳисса қўшган ҳарбий хизматчилар ҳамда фуқароларга ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг маънавий-маърифий савиясини оширишга катта таъсир кўрсатган ишлари ва ютуқлари учун “Маънавий-маърифий ишлар аълочиси” кўкрак нишони тақдим этилаётгани эса соҳа вакилари орасидан кўплаб маънавият фидойиларини кашф этмоқда.
Шунингдек, бугунги кунда ҳарбий қисмлар командирларининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси — Маданият маркази бошлиғи (Қуролли Кучлар хизматчиси) лавозимлари эгаларига қўшимча устама ҳақ тўланаётгани ҳам соҳада маънавий-маърифий ишларни юксалтиришга бўлган эътиборнинг амалдаги кўринишидир.
Ҳарбий хизматчиларимиз орасида қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросини, умумбашарий цивилизация, маданият, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг ноёб асарларини асраб-авайлаш, келгуси авлодларга безавол етказиш, уларнинг нодир меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни ўзликни англаш, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ҳарбий қисм ва муассасаларда “Мен 30 та китоб ўқийман” шиори остида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, “Китобхонлик” беллашувлари ўткзилиб, бу тадбирлар давомида китоб ярмаркалари уюштирилиши анъанага айланган.
Мана шундай саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ “Халқ ва армия бир тану бир жондир!”, “Ватанга хизмат олий фазилат” “Мард аскар ёшларга намуна!”, “Аскар-маҳалла меҳмони!” “Аскар оналарини шарафлаймиз!”, “Менинг акам Ватан ҳимоячиси!” каби маънавий-маърифий тадбирларнинг кўлами янада кенгайиб, таъсирчанлик кучи ортиб боряпти. Ҳарбий оркестрлар ва бадиий ҳаваскорлик жамоалари томонидан ўтказилган ноанаънавий “флешмоб”, “ҳарбий ватанпарварлик фестиваллари” одамларимизда илиқ таассурот ва армиямизнинг эртанги кунига ишонч уйғотяпти, десак хато бўлмайди. Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ўзлари катта бўлган маҳаллаларга ташриф буюриб, тадбирлар ташкил этиши (2021 йилда 800 га яқин), “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!” шиори остида юрт тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган фахрийлар ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳолидан хабар олиш (1100 га яқин) каби эзгу ишларнинг замирида аввало юксак маънавиятга эътибор турибди.
Инсон қайси соҳада ишламасин, қалбида ватанга бўлган муҳаббат алангаланиб, юртга садоқат билан хизмат қилишнинг нақадар шарафли эканини англаб турса, Ватан, халқ ҳам уни севади. Бундай инсон ҳеч қачон ватанга хоинлик қилмайди. Шундай экан, аскарларимизнинг юртга садоқатли бўлиши, армиянинг халқ билан жипслашиши учун ҳам маънавият сув ва ҳаводек зарур.
Байрам шукуҳи, тадбирлар завқи ҳарбийларга куч бағишлайди
Яқинда бир аёл билан суҳбатда бўлиб қолдим. Хоразмда ҳарбий хизматда бўлган ўғлининг олдидан келаётган экан. Аёл атрофдагилар билан муомаласи, нутқи ҳам у қадар бўлмаган ўғлининг сўзамол, киришувчан бўлиб қолганидан хурсанд. Фарзандининг одоби зиёда бўлиб, юриш-туришда ҳам тартибга тушиб қолгани учун командирларга раҳмат айтганини ҳам яширмади.
Бу аёл каби минглаб оналар бугун миллий армиямиз сафида хизмат қилаётган фарзандларини кўриш, ҳатто уларнинг қандай шарт-шароитда экани билан бемалол танишиш имконига эга.
Узоққа бормайлик, куни кеча Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигига қарашли Фарғона гарнизонидаги ҳарбий қисмда йигитлик бурчини адо этаётган муддатли ҳарбий хизматчилар ва Тошкент ҳарбий округида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг ота-оналари билан видеомулоқот ўтказилди. Муддатли ҳарбий хизматчилар ота-оналари билан дилдан суҳбат қилдилар. Ватанига хизмат қилаётган фарзанди билан фахрланиши ва фарзанди келгусида ҳам қасамёдига содиқ бўлишини айтган ота-оналарга қисм қўмондонлиги томонидан берилган эсдалик совғалар ва ташаккурномалар уларни янада тўлқинлантириб юборди, десак муболаға бўлмайди.
Шу кунларда ҳаяжон ва завқли онларга тўла юқорида тадбирларнинг кети-кетига уланиб, ҳарбий қисмларда байрам шукуҳи кезиб юрибди.
Aнгрен гарнизонидаги ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Уч авлод учрашуви” “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғояни ҳарбийлар қалбига янада чуқурроқ сингдиришга хизмат қилди. Учрашувда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Тошкент вилояти вакили Хайринисо Мирзажонова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артистлар Ҳуррият Исроилова, Мақсадхон Юнусова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Муқаддас Aбдусаматова, Тошкент вилояти “Нуроний” жамғармаси бошлиғи Эсонали Қорабоев, Aнгрен шаҳар ҳокими ўринбосари Салим Aнорбоевларнинг иштирок этгани ҳарбий хизматчилар кўнглини тоғдек кўтарди.
- Бугун армияда хизмат қилаётган ўғил-қизларимизга кўзим тушганида бошқача тўлқинланиб кетаман. Улар Ватан деган муқаддас даргоҳни ҳимоя қиляпти. Инсоннинг қалбидан ташқарида бошқа қалби бўлмаганидек, ватандан ташқарида ҳам Ватан йўқ. Ана шу Ватанни ҳимоя қилиш барча улуғ ишларнинг улуғи. Буни ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Бундай улуғ иш насиб қилган инсонлар эса улуғларнинг улуғидир. Аскарларни улуғ инсонлар дегим келади. Негаки, улар миллатни Ватанни ҳимоя қилиш билан бирга келажакни, халқнинг ўзлигини, орини, номусини ҳимоя қилади. Мен ҳарбийларни нафақат қўриқ-қалқон, балки кўнглимизга осойишталик, умид бераётган қудратли куч, деб биламан, — дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Қўчқор Норқобил.
Ёзувчи айтганидек, бизга қўриқ-қалқон бўлаётган мардлар сафида аёлларнинг ҳам бор экани таҳсинга сазовор.
Мамлакатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашда ўзининг улкан ҳиссасини қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзанд тарбиясида ибрат бўлиш баробарида хизмат мажбуриятларини муваффақиятли бажараётган ҳарбий хизматчи аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг илғор тажрибаларини оммалаштириш мақсадида Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмларидан бирида “Тўмарис издошлари” танловининг қўмондонлик босқичи ўтказилди.
Иштирокчиларнинг пневматик қуролдан ўқ отиш каби амалий машғулотлар баробарида бадиий чиқишларга ҳам жиддий ёндашгани улар ижро этган шеърлар, монологларда акс этди. Савол-жавобларда ҳам зукко, тезкор бўлган ҳарбий аёллар моҳир қўллар, “Аёл ожиза эмас — мўъжиза” каби танлов шартларида ҳам ўзаро беллашдилар.
Шунингдек, иштирокчиларнинг эркин мавзу шартига ижодий ёндашган ҳолда ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, оилавий ажримлар каби оғриқли муаммоларни саҳна кўринишлари орқали ифодалаб берганлиги ушбу тадбирнинг тарбиявий жиҳатдан ҳам нечоғлик аҳамиятли эканлигини намоён этди. Мард ўғлонлар билан бир сафда ватан ҳимоясига шай турган аёл ҳарбий хизматчиларимизнинг масъулиятли ва фаолияти ҳақиқий ватанпарварлик тимсоли ҳисобланади. Бундай аёллари, оналари бор миллатнинг фарзандлари — эртасининг эгалари ҳам ватанпарварлик руҳида тарбия топади.
Ўсиб келаётган ёш авлод қалбида ватанпарварликни, юрт тақдири ва унинг мустақиллиги учун масъулият ҳисси, фуқаролик позициясини кучайтириш, миллий армиямиздан ғурурланиш туйғуларини камол топтириш мақсадида Мудофаа вазирлигининг “Ватанпарвар” бирлашган таҳририяти томонидан “Қанча шонинг бўлса Ватанни кўтар!” номли шоир ва ҳаваскор ёшлар ўртасида бўлиб ўтган танлов ҳам диққатга сазовор.
2021 йилнинг сўнгги икки ойи давомида етмишдан кўп ижодкорлардан жами 250 дан ортиқ ижодий ишлар таҳририятга келиб тушгани ҳам одамларимизда ватанпарварлик туйғуси тобора юксалаётганидан дарак беради. Шу билан бирга элликка яқин иштирокчининг шеърлари “Ватанпарвар” газетаси саҳифаларида эълон қилинганини қувонч билан таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ижод намуналари энг яхши, деб топилган бир гуруҳ ғолибларни тақдирлаш маросими Қуролли Кучлар давлат музейида бўлиб ўтди. Сара ижодкорларга диплом ва пул мукофотлари берилди.
Танловда II даражали диплом ва пул мукофоти билан тақдирланган шоира Замира Рўзиева қўшни давлатларда нотинчлик ҳукм сураётган айни кунларда мана шундай тадбирларнинг аҳамияти юксак эканини таъкидлади. — Ватанпарварлик ҳақидаги шеърлар, қўшиқларни ёшлар онгига сингдириб бориш уларни юртнинг асл фарзандлари этиб тарбиялашда ғоят зарур, — деди шоира.
Ҳа, жаннатмакон юртимиз, мусаффо осмонимиз, сарҳадларимизни Ватан ҳимоячиларига ишонганмиз. Давлатимиз раҳбари асосли таъриф берган жамият ҳаётининг жони ва руҳи — маънавият орқали уларнинг қалбига қадалаётган эзгулик, халқимизга хос гўзал фазилатлар ниш урар экан, мустақиллигимиз абадий бўлади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири