2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  аҳоли, энг аввало, ёш оилалар, эскирган уйларда яшаб келаётган фуқаролар ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бошқа фуқаролар учун имтиёзли шартларда ипотека кредитлари ажратиш ҳамда шаҳар ва қишлоқ жойларда арзон уйлар қуриш орқали яшаш шароитини янада яхшилаш белгиланган. Бугунги кунда бу борада белгиланган мазкур мақсад-вазифалар юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича қабул қилинаётган давлат дастурларида ўз ифодасини топмоқда ва уларнинг ижроси таъминланаётир.

Ўтган йили қишлоқ жойларда — 17 минг 100 та, шаҳарларда — 17 минг 600 та, жами 34 минг 700 та ёки 2016 йилга нисбатан салкам 3 баробар кўп арзон ва шинам уйлар қурилди. Кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.

Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонининг 204-бандида ҳудудлардаги 1 576 нафар оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш назарда тутилган.

Хўш, жорий йилда бу борада қандай ишлар амалга оширилди? Уй-жойга муҳтож қанча хотин-қиз имтиёзли уйларга эга бўлди?

Бу борадаги вазифаларни ўз вақтида бажариш учун, аввало, жорий йилнинг бошида Маҳалла ва оилани қўллаб-қўвватлаш вазирлиги томонидан “2020 йилда оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди.

Ҳудудий бошқармалар томонидан оғир турмуш шароитидаги, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар рўйхатлари шакллантирилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 97, Андижонда 132, Бухорода 108, Жиззахда 110, Қашқадарёда 110, Навоийда 43, Наманганда 92, Самарқандда 120, Сирдарёда 90, Сурхондарёда 105, Тошкент вилоятида 180, Фарғонада 154, Хоразмда 56, Тошкент шаҳрида 66 нафар хотин-қизлар рўйхатлари тузилди.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, 1127 нафар аёлларга уй-жойлар учун Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан 19 миллиард  426 миллион сўм миқдорида бошланғич бадаллар тўлаб берилди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Давлатимизнинг бундай эътибори ва ғамхўрлигидан уларнинг кўнгли тўлиб, эртанги кунга ишончи юксалмоқда. Буни имтиёзли уйларга эга бўлаётган хотин-қизларимизнинг кайфиятидан, шукронасидан англаш қийин эмас.

— Турмуш ўртоғим вафотидан сўнг уч нафар вояга етмаган фарзандимни боқиш, тарбиялаш ўзимнинг елкамга тушди, — дейди қизилтепалик  Моҳичеҳра  Нарзиева. — Ўзимизнинг шахсий уйимиз йўқ эди. Уй қуриш жуда қийин бўлгани учун шу йилнинг январь ойида туман ҳокимлигига бу масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган эдим. Оғир турмуш шароитим ҳисобга олиниб, менга ҳам имтиёзли асосда уй берилди. Бундан жуда хурсанд бўлдим, кўнглим тоғдек кўтарилди. Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси томонидан уйнинг ўн фоиз тўлови тўлаб берилди. Қолаверса, давлатимиз кўмаги билан туман тиббиёт бирлашмасига ишга жойлашдим. Икки хонали уйимиз жудаям шинам, замонавий, барча шарт-шароитга эга. Президентимиз, ҳукуматимиз томонидан биз аёлларга кўрсатилаётган ғамхўрликни ўз меҳнатим билан оқлашга, фарзандларимни Ватан корига камарбаста, юрт ривожига ҳисса қўшадиган инсонлар қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламан.

Ҳа, бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳолига муносиб шарт-шароитларни яратиш, уларни ҳаётдан рози бўлишини таъминлашга қаратилган. Бугун ўз уйига эга бўлаётган фуқароларимиз шукроналик туйғуси билан яшамоқда. Бу мамнунлик уларни келажакка бўлган ишонч билан юрт тараққиётига ҳисса қўшишга ундамоқда.

 Шаҳзод ҒАФФОРОВ,

“Тараққиёт стратегияси” маркази

жамоатчилик билан ишлаш координатори