Маҳалла жамиятда тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, оилалар жипслигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, аҳолининг кундалик муаммоларини ҳал этишда халқимизга энг яқин ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиқлари иштирокида Элликқалъа туманидаги маҳаллаларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида кўргазмали семинар ташкил қилинди.

Тадбир иштирокчиларининг дастлабки манзили “Сахтиён” шаҳарча  фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Гулдурсин Нафосати” хусусий тикувчилик цехида бўлиб “Аёллар дафтари” руйхатидаги аёллар билан мулоқат қилинди. Уларнинг олиб бораётган ишлари билан қизиқишди. Шунингдек, ушбу ҳудудда ташкил қилинган спорт тўгараги фаолияти билан танишиб, самбо бўйича Осиё чемпионлари билан учрашув ташкил этилди.

Семинар қатнашчиларида “Оқ олтин” маҳалла фуқаролар йиғини ва “Қирққизобод” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларидаги хонадон томорқаларида узум етиштираётган ҳамда томорқадан самарали фойдаланиб, даромад кураётган фуқароларнинг деҳқончилиги яхши таассурот қолдирди. Тумандаги “Қирққизобод” овул фуқаролар йиғини иш фаолияти билан яқиндан танишиб, шу ерда тажриба алмашилди.

Тадбир якунида ташкилотчилар томонидан 5 нафар маҳалла раисларига замонавий компьютер жамланмаси топширилди.

Маҳалла Ватан ичра кичик ватан бўлса, яшаб келаётган уйимиз, ҳар куни юрадиган кўчамиз маҳалланинг бир қисми экан, Ватан остонаси маҳалладан бошланади.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

Янги Ўзбекистон мухбири