Барча кампусларда талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда университет раҳбарияти иштирокида ўтган тадбирлар янги йилга илҳом ва масъулият бағишлади.

Асосий йиғилиш Педиатрия кампусида бўлиб ўтди. Унда университет ректори, профессор Шуҳрат Боймуродов, проректорлар билан бир қаторда Республика маънавият ва маърифат маркази бош мутахассиси, «Маърифат» тарғиботчилари жамияти аъзоси, Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши депутати, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси профессор Жамила Шермуҳаммедова ҳам нутқ сўзлади.

Мустақиллик дарси ва ёшлар тақдири

Жамила Шермуҳаммедова ўз нутқида мустақилликнинг инсон тақдирига олиб кирган улкан ўзгаришлари ҳақида тўхталиб, айниқса, тиббиёт таълимида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида қайд этди. У талабалар учун яратилган имкониятларни мустақилликнинг неъмати сифатида баҳолар экан, шундай деди:

— Мустақиллик бизга ўз йўлимизни танлаш, ёшларимизни миллий руҳда тарбиялаш имконини берди. Бугун тиббиёт соҳаси фақат билим эмас, балки юксак маънавият билан уйғунлашмоқда. Ёшларнинг изланишлари ва ташаббуслари Ватан келажагининг пойдеворини мустаҳкамлайди.»

Ёшлар сиёсатининг аҳамияти

Шермуҳаммедова мамлакат тараққиётида ёшлар сиёсатининг тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратди. Унинг фикрича, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббусларини рағбатлантириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.

У ёшларни ҳар бир дақиқани қадрлаб, «Ватан учун илм олишга, миллат шаъни учун изланишга, халқ манфаати учун хизмат қилишга» даъват этди.

Самимият ва таъсирчанлик

Жамила Шермуҳаммедованинг нутқи самимийлиги, креатив ва интерактив усули билан талабалар онгида чуқур из қолдирди. Унинг сўзларида бир ҳақиқат айниқса алоҳида янгради: тиббиётчилар миллатнинг меъмори (хотираси ва келажаги) ҳисобланади. Шу маънода университет талабалари зиммасига юклатилган масъулият яна бир бор чуқур ҳис этилди.

Янги ўқув йилининг «Ватан учун, миллат учун, халқ учун» шиори остида бошланиши — бугунги ёшларга илҳом, маънавият ва куч бағишлаб, уларни келажак синовларига тайёрлаб бораётганини яққол кўрсатди.

Тошкент давлат тиббиёт университети Матбуот котиби.