Тадбирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти, Академия профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясига бу йилги кириш имтиҳонлари барча карантин қоидаларига риоя этилган ҳолда шаффофлик ва ошкоралик тамойилларига асосланиб ўтказилди.
Тантанада сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси бошлиғи, генерал-полковник Қобул Бердиев курсантларни «Ватанга қасамёд» қабул қилганликлари муносабати билан табриклаб, ушбу Олий даргоҳ Академия мақомига эришгандан сўнг иккинчи маротаба «Ватанга қасамёд» тантанали тадбири ўтказилаётгани курсантлар учун фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотиш билан бир қаторда, улкан масъулият ва танлаган касбига содиқликни ҳам талаб этишини алоҳида таъкидлади.
Зеро, табиий ва техноген тусдаги офатлар билан курашиб, ўз жонларини хатарда қолдириб, кўплаб инсонларнинг ҳаёти, мол-мулкларини сақлаб қолиш – бу албатта беқиёс инсоний фазилат ва энг шарафли хизматдир.
Шу ўринда, буюк мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг
«Бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилиш ва севишдан иборатдир» деган ибораси бугунги куннинг мард ўғлонларига қарата айтилганига яна бир бор амин бўламиз.
— Ғурур, садоқат ва ориятни энг олий қадрият, деб биладиган йигит учун бу шунчаки расмий тадбир эмас, балки йигитлик шаъни, ор-номусини ўртага қўйиб, ўз зиммасидаги масъулиятли ҳамда шарафли бурчни адо этишга бел боғлаш, аҳд-паймон қилиш маросимидир, — дейди Ботир Эргашов. — Мана бугун мен ФВВ Академияси курсанти сифатида жонажон Ватанимизга, халқимизга муносиб фарзанд бўлиб, фуқароларимизнинг ҳаёти, соғлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун бор куч-ғайратимни аямай хизмат қилишга тантанали қасамёд қилдим. Бу ҳаётимдаги энг қувончли онлардан бири бўлиб, хотирамда бир умрга муҳрланиб қолади. Академияда чуқур билим олиш билан биргаликда, она Ватанимиз ва халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб, мамлакатимиз равнақини оширишга, муҳтарам Президентимизнинг биз ёшларга билдираётган юксак ишончларини оқлашга ваъда бераман.
Тантанали тадбир Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар, саҳна кўринишларидан иборат бадиий дастур билан ўз ниҳоясига етди.
Фарҳоджон ХОЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси
ФВВ Академияси
катта ўқитувчиси, капитан