Шу эзгу мақсадлар йўлида ҳарбий шифокор ва ижодкор Искандар Раҳмоннинг Ватанга қасамёд онага қасамёддир деб номланган шеърлар китоби ҳамда Ассалом, улуғ юрт, қутлуғ армиям! деб номланган ҳарбиёна тароналар ва саф қўшиқлар тўплами чоп этилди.
Мазкур китоблар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги олдидан нашрга тайёрланди. Ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги ушбу мўъжаз тўпламлар Ватанимиз ҳимоячилари, бўлажак аскарларимизга доимий ҳамроҳ ва мададкор бўлади, деган умиддамиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев, Армия фақат қурол ва аслаҳа билангина кучли ҳисобланмайди. Армия аввало она Ватан учун жонини ҳам аямайдиган ҳарбийлар аскар ва сержантлар, офитсер ва генераллар билан қудратлидир, дея бежиз таъкидламаган. Қуролли кучлар фахрийси, истеъфодаги тиббий хизмат подполковниги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси Искандар Раҳмон ҳам ўз мисраларида асл ватанпарвар ва фидойи ўзбек ўғлонларини ўз аждодларига муносиб издош бўлишга ундайди.
АССАЛОМ АРМИЯМ, УЛУҒ ОСТОНАМ!
Ассалом армиям, улуғ остонам,
Онадай мўътабар, қутлуғ остонам!
Бағрингда тўламиз кучга, қувватга,
Измингда бўламиз мардона ҳар дам!
Армиям, қир, адир, тоғлар маконинг,
Дарёлар, чўл, саҳро жону жаҳонинг!
Осмонинг, сарҳадинг эрур дахлсиз,
Токи бор сафларда жасур посбонинг!
Сен мардлик мактаби сабоғидирсан,
Тинчлик ва адолат байроғидирсан!
Мустақил юртимиз Ўзбекистонда,
Барқарор тинчликнинг маёғидирсан!
Армиям, қудратли, шон-шавкатли бўл,
Жанговар, шиддатли, шижоатли бўл!
Турамиз сафингда элкама-элка,
Ёв макрин бузишга бериб қўлга қўл!
ҲАРБИЙЛАР ҚЎШИҒИ
Элим деб, юртим деб яшар ҳарбийлар,
Ғайрати Амудай жўшар ҳарбийлар.
Она-юрт Туронда тинчлик йўлида
Инсоний бурчини ўтар ҳарбийлар.
Нақарот:
Эй Аллоҳ назари тушган ҳур ўлка!
Сен билан биз доим элкама-элка!
Халқимиз ёнида камарбастамиз,
Ким ғаним ҳамиша унга қасддамиз!
Осмону фалакда, эрда ва сувда,
Сарҳадда, кўз юммас ҳушёр ҳарбийлар.
Ёмон кўз, ёвлардан элни асрашга
Кеча-ю кундузи тайёр ҳарбийлар.
Нақарот.
Элим деб, юртим деб яшар ҳарбийлар,
Қудрати кундан-кун ошар ҳарбийлар.
Адолат, ҳалоллик, тинчлик шиори,
Фарзандлик бурчини ўтар ҳарбийлар.
"Янги Ўзбекистон" мухбири
Мухтасар Тожимаматова тайёрлади