Мен бир қўшиғимда “Ватан деб оҳ урмакни ватансиздан сўраб кўр”, деган эдим. Зеро, Ватан бизнинг отамиз, онамиз, шу заминда туғилган ҳар бир инсон учун муқаддас макон!

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг навбатдаги эзгу ташаббуси яхши ниятли барча-барчани беҳад тўлқинлантириб юборди. “Ватандошлар” жамоат фондининг таъсис этилиши бу, аввало, ўзини шу замин, шу тупроққа дахлдор деб билганлар учун катта байрам бўлди.

Ким бўлмасин, қандай ҳаракат ва фаолият кишиси бўлмасин, у энди “Ватандошлар” жамоат фонди ҳузурига талпинади, ошиқади. Шу аснода Ўзбекистон деган муборак юрт фарзандлари бир-бирига янада жипслашади, давралар гавжумлашади, миллатдошлар кўпроқ дийдорлашади, дардлашади, муаммоларга баҳамжиҳат ечимлар топишади.

Мен жуда кўп хориж мамлакатларида бўлдим. “Онагинам”, “Ўзбегим” деб қўшиқ бошлаганимда, кўзидан дув-дув ёш оққан ватандошларимни кўрдим. Ўшаларнинг изтиробларига, соғинчларига бир зум шерик бўлар эканман, ўзимда кучли сесканиш сезардим.

Шундай кезларда беихтиёр буюк шоиримиз Эркин Воҳидов:

“Жаҳонда мен туғилган ўлкадек ҳеч бир диёр бўлмас,

Бу янглиғ боғ-у гулшан ҳам бу янглиғ гул-у зор бўлмас,

Ватан севмакдин ортиқ менга оламда шиор бўлмас,

Ватанни севмаган инсон, жаҳонда бахтиёр бўлмас!” –

дея беҳуда ёзмаганини эътироф этасан киши.

Бир гал, адашмасам, 2001 йил эди, ижодий сафар билан Исроил давлатига борганимизда Тель-Авив шаҳрида яшовчи, бир пайтлар Самарқанддан кўчиб кетган Эммануэл деган яҳудий ватандошимиз бизни хонадонига чақирди.

Меҳмондорчилик даврасида Ватан ҳақидаги қўшиғимни айтдим. Қўшиқ ярмига борганда Эммануэлнинг онаси – ўқитувчи уввос солиб йиғлаб юборди!.. Қаранг, Самарқандда туғилиб ўсган, тақдир тақозоси билан бу ердан кўчиб кетган онахоннинг Ватанимизга бўлган самимий туйғуларининг ифодасини кўринг.

Мен ярим асрлик ижодим давомида ўнлаб чет эл сафарларида бундай ҳолатларни жуда кўп кўрдим.

Азизларим, биродарларим! Азиз Ватан, она Ўзбекистон – барчамизники. “Ватандошлар” жамоат фонди шу муқаддас Ватанимизга бўлган ифтихоримизга лаббай, деб хизмат қилади, албатта.

Юклатилган масъулиятни мен ўзимга билдирилган юксак ишонч, эътибор ва жуда катта масъулият деб билиб, бор имкониятим билан шу юртга хизмат қилишга шайман.

Шерали ЖЎРАЕВ,

“Ватандошлар” жамоат фонди васийлик кенгаши раиси,

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти