Бу борада эса ёшларга эътибор, айниқса, уларнинг бугун сифатли таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши жуда муҳим. Чунки улар эртанги кунимиз қандай бўлишини таъминловчи, тараққиётимизни белгилаб берувчи кучдир. Шу жиҳатдан олганда, шижоати қатъий ва ўз олдига аниқ мақсад қўйган ёшларни тарбиялаш келажакка қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Уларнинг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб вояга етиши, илм-фан, замонавий техника ҳамда технологияларни пухта эгаллаши, давр талаби асосида таълим ва тарбия олиши учун эса барча шарт-шароит яратиб бериляпти.

Янги Ўзбекистоннинг 2022−2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар орасида ёшларга дахлдор бўлганлари ҳам талайгина. Масалан, стратегияда ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, касбга ўқитиш кўламини 2 баробар ошириб, жами 1 миллион ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасалари иштирокини 30 фоизга етказиш кўзланган, мактабларни ривожлантириш миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш, олий таълим билан қамров даражасини 50 фоизга етказиш орқали таълим сифатини ошириш белгиланган.

Навбатдаги беш йиллик тараққиёт йўлимиз белгилаб қўйилган стратегияда бундай мақсадлар кўп ва улар ёшларнинг ўзимизда сифатли ўқишини таъминлашдан тортиб, хорижнинг нуфузли олий ўқув юртларига юбориш, техник, аниқ фанлар, IT соҳасида яхши мутахассис бўлиб етишиш учун имкониятлар кўламини кенгайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Энг асосийси, йигит-қизларимиз таълим-тарбияси, жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш бундан буёғига ҳам доимий эътиборда бўлади. Стратегияда Ўзбекистоннинг ёшларга оид давлат сиёсати мунтазам ривишда  такомиллаштириб борилиши қатъий белгилаб қўйилган.

Ватанпарварлик — улуғ тушунча

Ёшлар — мамлакат устуни. Миллат, жамият, давлат уларга суянади. Мард, жасур ва ватанпарвар инсонлар эса ҳақиқий маънода таянч бўла олади. Бугунги кунда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашга доир ишларни жадаллаштириш, таълим-тарбия жараёнига давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларни ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини янада фаол жалб этишга алоҳида урғу берилаётгани диққатга сазовор. Зеро, ҳозирги глобаллашув шароитида инсон онги ва қалбини забт этиш учун кураш кескин тус олаётган бир пайтда бу жуда муҳим. Яъни ёшларни ҳар қандай хавф ва таҳдидлардан асраш, уларнинг мустақил фикри, эътиқодини ҳамда қатъий ҳаётий позициясини шакллантириш долзарб вазифага айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти айни шу йўналишдаги ишларга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 1991 йил 23 ноябрда тузилган ташкилот Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, ёшлар ва фуқароларни меҳнатга, Ватан ҳимоясига тайёрлаш борасида самарали фаолият юритиб келмоқда.

“Ватанпарвар” ташкилоти ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ташкилот тизимида ёшлар ва фуқаролар ўртасида Ватанни ҳимоя қилиш ғояларини тарғиб этиш каби вазифаларни бажаришда давлат ташкилотларига кўмаклашиш, Қуролли Кучлар учун ҳарбий техника мутахассислари, халқ хўжалиги учун оммавий касб ходимларини тайёрлаш, спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва унга раҳбарлик қилиш каби фаолиятга ихтисослаштирилган.

 “Ҳиссамиз борлиги биз учун фахр”

Ватанпарварлик — улуғ тушунча. У ёшларда фуқаролик бурчи, шахсий масъулият, Ватан тақдирига дахлдорлик туйғусини, фаол ҳаётий позиция ва қатъий эътиқодини, касбий маҳоратини шакллантиришда катта аҳамиятга эга. “Ватанпарвар” ташкилотининг “Мирзо Улуғбек ўқув СТК” УК жамоаси таълимнинг илғор технологиялари ва инновацион усулларидан фойдаланган ҳолда ёшларда ана шундай улуғ ва муқаддас тушунчани ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Бундан барчамиз катта фахр туямиз.

Корхонамизда ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, онгига ватанпарварлик, Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш борасида катта тажриба тўпланган.

Спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш ва оммалаштириш мақсадида спорт ташкилотлари ҳамда жамоалари фаолиятига кўмаклашилмоқда. Автомототранспорт ҳайдовчилари, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассислари тайёрланиб, уларнинг малакаси ошириляпти. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора–тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан махсус низом тасдиқланган. Ушбу низом асосида ташкилотларда “В”,“ВС” тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш ва “С”, “Д”, “Е” тоифалар бўйича қайта тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ўқув жараёнида таълим сифатини янада яхшилаш, моддий-техник ҳамда ўқув–методик базаларини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш бўйича ташкилотимиз ўқув хоналари замонавий мебеллар, кўргазмали қуроллар ва плакатлар билан жиҳозланган.

Ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳон қабул қилишни тўғри ташкиллаштириш ва имтиҳонларда шаффофликни таъминлаш мақсадида компьютер хоналари ташкил этилган, уларда якуний тест олиш учун комплекс тизим яратилган. Ўқув хоналарга аудио ва видеокузатув мосламалари ўрнатилган.

Ташкилотда автотренажёр ўқув хоналари мавжуд. Улар замонавий русумдаги автотренажёрлар билан тўлиқ таъминланган. Уларнинг замонавий компьютерлар ва проектор, “SMART BOARD M-600” русумли интерактив анимацион доскалар, маркерли доскалар, юмшоқ ўриндиқли ўқув мебеллари тўплами билан жиҳозлангани таълим сифатини янада оширмоқда.

Ўқув қўлланмалардан таълим олаётган ҳайдовчиликка номзодлар интернет тармоғидан кенг фойдаланиши борасида уларга янада қулайлик яратиш мақсадида бепул WiFi зоналар ташкил қилинган.

Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техник мутахассисликлар бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўқув жараёнига илғор услубларни жорий этиш мақсадида ташкилотимиз янги инновацион ғоялар ва технологиялар асосида жиҳозланди. Енгил ва юк автомобилларининг ишчи механизм қисмлари макетлари ўрнатилган. Электрон светофор макетлари, электрлаштирилган автодром ҳамда шаҳар макетлари яратилди. Паркимизни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган замонавий автомобиллар билан бойитиш учун “Ласетти”, “Кобалт”, “Нексия-3”, “Матиз”, “Дамас” ва “Спарк” русумли енгил автомобиллар, шунингдек, юк автомобиллари сотиб олиниб, ўқув автомобиллари сифатида фойдаланиб келинмоқда.

Жамоамиз томонидан “АИС – Ватанпарвар” автоматлаштирилган электрон ахборот тизими ҳам ишлаб чиқилганки, бу ўқувчию ўқитувчиларга катта қулайлик яратди. Негаки, унда ўқитишни мониторинг қилиш ва режалаштириш имконини берувчи автоматлаштирилган ахборот тизими, анимацион эффектлар ҳамда видеоконтентга эга ягона тест дастури жойланган. Бутун ўқув жараёнини қамраб оладиган, уч ўлчамли анимация эффектлари ва видеоконтент кўринишидаги электрон ўқув-услубий қўлланмаларни ўз ичига олган мазкур дастурлар IOS, Аndroid ва WEB кўринишида яратилган. Бу ҳар бир таълим олувчининг мобил телефонлари, планшет ёки исталган интернет тармоғида керакли (ўзбек, рус ва қорақалпоқ) тилда фойдаланиши учун қулайлик беради. Ҳозир дастурда 500 дан ортиқ жараённинг видео ва анимацион кўринишлари бор ва улар мунтазам тўлдириб борилади.

Ҳарбий-ватанпарварлик тарғиботи ва ёшлар билан ишлаш йўналиши бўйича ташкилотимиз томонидан 2023 йилнинг биринчи чораги мобайнида 10 га яқин турли маънавий-маърифий тадбир уюштирилди. Уларда 2 мингга яқин аҳоли, жумладан, 1500 нафар ёш иштирок этди.

Спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантириш учун  ташкилотимизда авиамодель спорт тури бўйича тўгарак фаолият юритиб келмоқда. Айни пайтда мавжуд спорт тўгараклари машғулотларида 50 нафарга яқин ўғил-қиз мунтазам шуғулланмоқда.

Ёшларнинг Ватанга муҳаббати ва садоқатини мустаҳкамлаш, юртимиз олдидаги фарзандлик бурчини юксак масъулият билан бажариш, Қуролли Кучларимизга ишончни ошириш, шунингдек, жисмонан бақувват улғайишларида бу каби тадбир ҳамда амалий ишлар муҳим аҳамият касб этади. Зотан, ватанпарварлик асосини Ватан моҳиятини англаш ташкил этади. Ватанпарварлик таълими эса бу борада ёшларда малака ва кўникма ҳосил қилиши билан муҳим аҳамиятга эга.

Фазлиддин ОМАРОВ,

Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти

Тошкент шаҳар кенгаши тасарруфидаги “Мирзо Улуғбек ЎСТК” унитар корхонаси бошлиғи