“Ҳар замонда бир замон”, дейди доно халқимиз. Бугунги замон ўзининг ниҳоятда шиддатли тараққиёти, яқин-яқингача хаёлга сиғмас технологик юксалиши билан киши ақлини шошириб қўймоқда. Ўз навбатида, инсоният дунёда рўй бераётган турли таҳликалар қуршовида қолаётгандек. Давлатлар ўртасида зиддиятлар оддий ҳолатга айланаётган ҳозирги даврда дунёнинг кўп нуқталарида уруш ва можаролар авж олмоқда. Жаҳон харитасига қарасак, тинч-осойишта ҳаёт кўпчилик учун орзу бўлиб қолмоқда. Ана шундай жадал тамаддун ва таҳликалар қуршовида бугун ҳар бир юрт, хонадон учун тинчлик, осойишталик тушунчалари энг катта бойлик, ҳар нарсадан устун қадриятга айланди. Аслида, ҳамма вақт ҳам шундай бўлган.
Яратганга минг шукрки, жонажон юртимиз тинч ва осойишта. Бу кунларнинг қадрига етиш эса ҳар биримиз учун ҳаёт қонуниятига айланмоғи шарт.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январь куни ўтган Хавфсизлик кенгашининг мамлакатимиз ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилишда қатнашар эканман, хаёлимдан шу каби фикрлар ўта бошлади.
Йиғилишда айтилган фикрлар, илгари сурилган ташаббус ва таклифлар билан танишиб, фахр туйғусини ҳис этдим. Ҳарбий машқлар акс этган тасвирларни кузатиб, қалбимда сўз билан ифодалаш мушкул бўлган ёруғ туйғулар бош кўтарди. Эртанги кунга қатъий ишончни туйдим. Шу билан бирга, бугун халқаро майдондаги ҳолат, зиддиятлар бирма-бир кўз олдимдан ўтди. Бундай ўйлар кўплаб саволлар туғдиради, уларга асосли жавоб топишга ундайди. Беихтиёр кўнглимда туғилган саволларга жавоб излай бошладим. Уларнинг барчаси битта ўқилдиз атрофида бирлашди.
БУ — ВАТАНСЕВАРЛИК!
Ватанни севмоқ — дунёда сира ўзгармас, жами тирикликка таниш бўлган ягона туйғу! Ана шу туйғу сабаб минглаб чақирим олисга кетган қалдирғоч баҳорда яна ўз уясини топиб келади. Инсоният борки, ўз ҳудудини чегаралайди, қўриқлайди. Шу йўсин аждодларимиз ўз уйига ёмон қараш қилганларнинг балога йўлиқишини уқтиради.
Дарҳақиқат, инсонийлик мезони шахснинг қанчалик ватанпарвар экани билан ўлчанади. Зеро, юртини севадиган шахс бутун борлиққа яхшилик қила олади. Ҳар бир тирик жонни азиз санаб, тинчликни қадрлайди.
Сир эмас, биз ватанпарварлик туйғуси жиддий синовдан ўтаётган даврда яшаяпмиз. Ҳозир турли зиддиятлар кенгайиб, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, халқаро ҳуқуқ нормалари ва дипломатия заифлашиб бормоқда. Қолаверса, мамлакатларга ҳужум шакллари ҳам тубдан ўзгарди. Буни давлатимиз раҳбари ҳам таъкидлаб, шундай деди: “Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Замонавий уруш табиати тубдан ўзгарди. Энди қайси давлат фақат танк, самолёт ёки аскарлар сонига таяниб ғалаба қозонаман деса, қаттиқ адашади. Ҳозирги жанглар сунъий интеллект, рақамли бошқарув, узоқ масофага юқори аниқликда зарба берувчи воситалар, кибер ва робот технологиялар, сиёсий-иқтисодий босим асосида олиб борилмоқда”.
Даврнинг ўзи ана шундай хатарларга доим тайёр туришни талаб этмоқда. Бу ҳозирлик, аввало, инсон қалбида, юртга меҳр тимсолида илдиз отиб, сўнг амалий ҳаракатга айланади. Яъни ёшлар юртга садоқат билан энг қиммат бойлигимиз бўлган тинчлик ва хотиржамликни асраш, уни қадрлаш руҳида ўсиши керак. Ана шу руҳият, кайфият бирлашиб амалий ҳаракатга, бугун изчил давом этиб, барқарор сақлаб турилган мамлакат мудофаасини янада мустаҳкамлайди.
Президентимиз ўтказган йиғилишда бу борада аниқ вазифалар белгилаб олинди. Биргина мисол, ҳарбий таълим ва кадрлар тайёрлаш тизимини модернизация қилишга жиддий эътибор берилди. Бу, ўз ўрнида, армиянинг янги қиёфасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Барча соҳа бевосита инсон капитали билан юксалиши ҳеч кимга сир эмас. Янги Ўзбекистондаги инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар туб замиридаги мақсадлардан бири ҳам инсон капиталини оширишдир.
Келинг, буни соддароқ тушунтирсак. Тарихда кам сонли аскарлар билан катта қўшинларни мағлуб этганлар ҳақида мисоллар кўп. Уларнинг ғалаба қилишида иккита умумийлик бор, назаримда. Булар жасурлик ва бошқалар кутмаган, янги режа асосида иш кўриш. Жасурлик ҳам худди билим каби эгалланадиган кўникма. Бу ҳақида кейинроқ тўхталамиз. Худди шунингдек, янги режа ишлаб чиқиш ҳам билим даражаси, тафаккур кенглиги билан боғлиқ. Ҳа, бугун ёндашувлар, таъсир кучлари, ҳужум турлари ўзгарди. Шунга яраша ҳимоя воситалари ва йўллари ҳам турлича. Аммо бу ҳимоянинг ўқилдизи, асл моҳияти ўзгаргани йўқ.
Шу боис, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригида “Айниқса, ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳи ва жисмоний тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш, уларнинг қалбида ватанпарварлик туйғусини кучайтириш биз учун устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки ҳар қандай курашнинг тақдирини шахсий таркибнинг билим ва малакаси, ирода ва қатъияти, ўзига бўлган ишончи, мардона фазилатлари ҳал қилади”, дея айни ҳақиқатни айтди.
Юқорида жасурлик ҳам худди билим каби эгалланадиган кўникма эканини айтдик. Инсоннинг билими кўпайиб, имкониятлари кенгайиб бораверса, ўзига бўлган ишончи янада мустаҳкамланади. Айни дам унинг жасурлиги ҳам ошиб боради. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар инсон тафаккурини юксалтириш, кенг имкониятлар яратишга қаратилгани билан аҳамиятли. Ислоҳотларнинг илк кунларидан бошланиб, бугунгача изчил давом этаётган янгиланишлар фикримиз далилидир. Жумладан, таълим тубдан ислоҳ қилинди. Китобхонлик давлат сиёсати даражасида тарғиб этила бошланди. Тадбиркорлик реал имтиёз ва имкониятлар соҳасига айланди. Ижтимоий кўмак билан бирга иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун касб-ҳунар ўргатишга жиддий эътибор берилди. Тан олайлик, буларнинг барчаси ижобий кайфият уйғотди. Эртанги кунга ишончни мустаҳкамлади. Бундай ишонч, кайфият жасурлик деган туйғуни камол топтиради. Ватанпарварликни мустаҳкамлайди.
Қувонарлиси, ушбу ислоҳотлар янги босқичда, давр талабига мос тарзда миллий армиямизда ҳам изчил давом этмоқда. Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида муддатли ҳарбий хизмат фақат жисмоний ва ҳарбий тайёргарлик эмас, балки ёшларимиз жамиятда мустаҳкам ўрнини топиши учун уларни меҳнат бозорига ва мустақил касбга тайёрлаш босқичи сифатида ташкил этилиши зарурлиги қайд этилди. Унга кўра, энди армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқади. Бунинг учун ҳарбий қисмлардаги йўналиш ва мутахассисликлар асосида аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади.
Эътиборлиси, аскарлар “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилади. Бунинг учун ҳар йили 5 минг аскар саралаб олинади. Яна бир янгилик, аскарлар муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган пайтда олийгоҳга ўқишга кириши мумкин. Бунинг учун ҳарбий қисмнинг ўзида имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Талабаликка қабул қилинган аскар хизматни якунлаши билан ўқишни бошлайди. Шу йўсин вақтдан ютади. Ҳарбий хизмат том маънода имкониятлар эшигига айланади. Булар, ўз ўрнида, миллий армиямизнинг салоҳиятини ошириши айни ҳақиқат.
Кичик бир мулоҳаза. Яқин-яқингача биз дастурлашни, умуман, АТ соҳасини келажак касблари рўйхатида кўрардик. Бугун улар энг долзарб, ҳозирнинг ўзида пухта эгалланиши шарт бўлган билимга айланди. Шу маънода, аскарларнинг “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида ўқитилиши эртанги кунимизни белгилаб берадиган воситалардан бири дейиш мумкин.
Мамлакат дахлсизлигини сақлашда иқтисодий қувват, ҳарбий салоҳият қанча муҳим бўлса, жамият бирдамлиги, инсон капитали ҳам шунча долзарб. Тарихдан ҳам, бугунги сиёсий жараёнлардан ҳам биляпмизки, ичидан емирилган жамиятларни пароканда қилиш осон. Шу боис, биз доимгидан ҳам кўра кўпроқ ватанпарвар бўлишимиз керак. Фарзандларимизни илмли қилиш билан бирга уларнинг тафаккури, дунёқараши билан ҳам қизиқишимиз шарт. Улар нима ҳақида ўйлаяпти, кимлар, қандай фикрлар таъсирида юрибди деган саволларга аниқ жавобимиз бўлиши зарур.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳат. 2026 йил мамлакатимизда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб номланди. Хўш, жамият қачон юксалади? Қандай ривож топади? Аввало, жамиятда соғлом фикр устуворлик касб этиши керак. Чунки эзгу ният соғлом фикрга замин яратади. Эзгу фикр эса эзгу амал сари бошлайди. Турли зиддиятларга қарши тура олиш учун жамият битта ғоя атрофида бирлашиши керак. Ана шу бирдамлик турфа фикр ва қарашларни ўзида жамлаган ягона тушунча, Ватанни севиш, унга хизмат қилиш деган ғояни ўртага ташлайди.
Бўлаётган жараёнлар, бизни ўйлантираётган масалалар миллий контент масаласи ҳеч қачон долзарблигини йўқотмаслигини ҳам англатяпти. Шу ҳақида ўйлаганимда, беихтиёр Навоий бобомиз даҳоси кўз олдимга келди. Навоий бор ижодини тинчликка, инсонийликни улуғлашга сарф этди. Бизга инсонга инсондай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида сабоқ беради. Бу даҳонинг ўзи ҳам бунга оғишмай амал қилди. Бугун инсониятга эзгулик фанидан сабоқ берган бундай даҳоларга доимгидан ҳам кўра кўпроқ эҳтиёж бор. Ана шу эҳтиёжни айнан зиёлилар, жамоат фаоллари қоплаши керак бўлади. Бунинг учун улуғларнинг инсонпарварлик ғоясини жамиятда кенгроқ тарғиб этишимиз керак. Уларни содда, ҳаммага тушунарли сўзлар билан етказиш зарур. Ҳазрат Навоий бобомиз:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш,
деган эди. Бундан ташқари, Ҳазрат Навоийнинг ана шу ғояни тарғиб этадиган яна кўплаб ҳикматлари бор. Уларни бугунги кун ўқувчисига тушунарли қилиб, таъсирчан ҳолда етказиб бериш зарур. Бундай ҳикматларни тушуниш, англаш биринчи босқич бўлса, уларга амал қилиш энг муҳим вазифадир.
Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларнинг илк кунлариданоқ айнан шунга қаратилган ислоҳотлар бошланган эди. Энди мазкур янгиланиш армиямизга ҳам чуқур кириб борадиган бўлди. Шу мақсадда ҳарбий хизматчилар орасида китобхонликни кенг тарғиб этишнинг янги босқичи бошланди. Яъни жорий йилда барча ҳарбий қисм ва муассасалар жами 1 миллион нусхадаги бадиий адабиётлар билан таъминланадиган бўлди.
Бундан ташқари, Қуролли Кучлар тизимидаги ҳарбийга йўналтирилган мактаб-лицей ўқувчилари, муддатли ҳарбий хизматчилар, курсантлар, сержант ва офицерлар ўртасида Олий Бош Қўмондон соврини учун китобхонлик танлови йўлга қўйилади. Округ, қўмондонлик, вазирлик, Олий Бош Қўмондон танловларида ғолиб ва совриндор бўлган аскарларнинг муддатли ҳарбий хизмати бир ойга қисқартириб берилади.
Тан олиш керак, шу вақтгача ҳам ҳарбийларни китобхон қилиш борасида қатор ишлар бажарилган. Оддий мисол, ўзимиз ҳам журналист, китобхон сифатида ҳарбийларимиз билан кўришганмиз. Китобхонликни тарғиб этадиган тадбирларда қатнашганмиз. Бошланган ўзгаришлар буни янги босқичга олиб чиқади. Юқорида айтганимиз, инсонпарварлик ғоясини англаб, унга оғишмай амал қилишда йўлчи юлдуз бўлади.
Биламизки, алплар, халқ қаҳрамонлари ақлини таний бошлаганида уларга энг кучли устозлар сабоқ беришни бошлаган. Улар илм-фан, адабиёт ва санъат билан бирга ҳарбий машқларни ҳам пухта ўзлаштирган. Ана шундай сабоқ сабаб улар ҳар жиҳатдан комил инсон бўлиб улғайган. Ватанни ҳимоя қиладиган алп бўлиб тарбия топган.
Ўша вақтларда от чопиш, ўқ узиш, қиличбозлик муҳим бўлган. Ҳозир замонавий алпларга қўйиладиган талаб ўзгарган. Шундан келиб чиқиб, ҳарбий хизматчилар ўртасида жорий йилдан бошлаб киберспорт, дрон ва робот технологиялари каби замонавий спорт турлари бўйича уч босқичли мусобақалар ташкил этилади. Бу ҳам юқорида бот-бот такрорлаганимиз инсон капиталини юксалтиришга хизмат қилади.
Йиғилишдаги яна бир муҳим жиҳатга тўхталишни истардим. Биламизки, Ўзбекистон сиёсати кўп қиррали, тинчликка асосланган дипломатик алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган. Дипломатиямиздаги муҳим нуқталардан бири миллий армиямизнинг фақат мамлакатимиз учун хизмат қилишидир. Давлатимиз раҳбари йиғилишда саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилда қабул қилинган Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келганини кўрсатиб ўтди.
Янги Мудофаа доктринаси мамлакатимизни ҳеч қайси ҳарбий блокка қўшилмаслик мақомини сақлаб қолиб, кўп томонлама дипломатияга таянишда давом этади. Уни янгилашдан мақсад юқори технологияларга асосланган стратегия, ҳарбий мустақиллик ва минтақавий барқарорлик йўналишида ривожланишини таъминлашдир. Бу халқимизнинг миллий армиямизга ишончини янада мустаҳкамлайди. Уларнинг бирдамлигини таъминлайди.
Яна бир мулоҳаза. Янги Ўзбекистонда миллий армиямиз том маънода халқимизга яқинлашди. Биз учун сирли, бир оз олис ҳисобланган армия одамлар орасига кириб келди. Яъни оммавий ҳарбий кўргазмали чиқишлар ташкил этиляпти. Етти яшар ўқувчи ҳам, етмишни қоралаган нуронийлар ҳам қуроллар, ҳарбий техникаларни кўздан кечириб, мутахассислардан унинг имкониятлари ҳақида сўраб оляпти. Бундай учрашувлар халқ ва армия ўртасидаги самимий муносабатни янги босқичга олиб чиқди. Мазкур ўзгаришлар сабаб ҳозир биз армиямиз ҳақида аниқ тасаввурга эгамиз. Улар юрт тинчлигини асрай олишига ишонамиз. Айнан шу ишонч бизга куч бахш этади. Халқнинг баланд руҳи ўз ўрнида ҳарбий хизматчиларга ҳам кўтаринкилик беради.
Шу ўринда Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табригидаги қуйидаги сўзларига эътибор қаратмоқчимиз.
“Ҳар бир ҳарбий хизматчи халқ билан армия — бир тану бир жон эканини, унинг ортида 38 миллионлик халқ тоғдек таянч бўлиб турганини доимо ҳис этиши, шундан чексиз куч, руҳ ва мадад олиши керак”.
Улар бу таянчни реал ҳолатда ҳис этиши учун қатор амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир ишларнинг самараси янада оширилади. Уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишлар кучайтирилади. Бу борада давлат ва фуқаролик институтлари ҳамда кенг жамоатчилик фаол иштирок этади.
Қолаверса, ҳарбий хизматчилар меҳнатини қадрлаш учун ҳам қатор янгиликлар кутиляпти. Хусусан, 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилади. Бундан ташқари, ҳудудий мудофаа ишлари бошқармаси ва бўлимларининг ҳарбий бўлмаган хизматчилари ойлиги бу йил 20 фоизга, келаси йили яна 50 фоизга оширилади. Бундай янгиликларни узоқ санаш мумкин. Демоқчимизки, Қуролли Кучларимиз давр талабига мос тарзда янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Шу ўринда бир муқояса қилишни ўринли деб ўйладик. Халқаро ҳуқуқ қанча заифлашса, ўзаро ҳурмат ҳам шунчалик нозиклашиб бораверади. Бундай вақтда ҳурматни, таъбир жоиз бўлса, ҳайбатни сақлаб қолишнинг бир қанча шартлари бор.
Биринчиси — ҳарбий салоҳият. Қўрғон мустаҳкам бўлса, юрт ичидаги ислоҳотлар барқарор давом этади.
Иккинчиси — иқтисодий барқарорлик. Иқтисод қанча мустаҳкам бўлса, бошқалар сиз билан шунча кўп ҳисоблашишига тўғри келади.
Учинчиси — инсон капитали. Қайси мамлакатда малакали кадрлар кўп етишиб чиқса, халқаро майдонда ўша халқ билан қўлини кўксига қўйиб саломлашилади. Негаки, юқори малакали кадрлар, аввало, мамлакат барқарорлигини таъминлайди. Қолаверса, халқаро иқтисодиёт, хавфсизлик каби муҳим соҳаларда ҳам таянч нуқта ҳисобланади. Бунда ўша халқнинг нуфуси кўп бўлиши билан бирга юқори интеллектдаги мувозанат жуда муҳим масаладир.
Тўртинчиси — ҳарбий салоҳиятни, барқарор иқтисодиётни, малакали кадрлар синфини қамраб олган ватанпарварлик руҳидир. Ватанпарварлик руҳи кучли бўлса, инсон қаерда, қандай шароитда яшаса ҳам юртига хизмат қилиш йўлини топади. Имкон қадар унга наф келтиради.
Юқорида юксак жамият, турфа қарашлар Ватансеварлик деган нуқтада бирлашишини айтган эдик. Мақоламиз аввалида юртни яхши кўриш жами тирикликка бегона эмаслигини ҳам таъкидлаганмиз. Инсон бошқа жонзотлардан фарқли ўлароқ, бу туйғуни онгли равишда ҳис қилади. Шу боис, у гоҳида бу туйғуни унутиб қўйиши эҳтимоли бор. Ғаним бостириб келаётганда уларга ёрдам берган кимсалар гоҳида жонини сақлаб қолишни ўйлаган бўлса, баъзан ҳаётидан рози бўлмагани сабаб хатога йўл қўйган. Бунга дунё тарихида исталганча далил топилади. Шу маънода, мамлакатимиздаги одамларни рози қилишга қаратилган ислоҳотлар бизни ғоят севинтиради.
Айниқса, кейинги йиллардаги янгиланишлар сабаб кўплаб ижтимоий масалалар ҳал этилди. Камбағаллик расман тан олинди ва қисқа муддатда кескин қисқартиришга эришдик. Яхшилик, эзгу амаллар кўп бўлса, уларнинг самараси ҳам шунчалик ҳаётбахш бўлади. Юртимизда бошланган ислоҳотлар аввал халқимиз қалбига, сўнг ён-атрофдаги қўшниларга тарқала бошлади. Мамлакатимиз етакчисининг халқпарварлик, тенг дипломатияга асосланган маърифий сиёсати сабаб қўшнилар билан ҳам, дунёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳам алоқаларимиз юқори даражага чиқди.
Аввало, Марказий Осиё руҳи уйғонди. Ягона минтақа, бир бутун кучга айландик. Бунда янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар, маърифий сиёсатимизнинг ўрни ва аҳамияти муҳим эканини қўшниларимиз ҳам тан олиб эътироф этмоқда. Ҳа, биз кечагидай ичидан зил кетиб, парчаланиб ётган халқлар эмасмиз. Марказий Осиё бугун бир бутун бўлиб янги кучга айланиб боряпти. Демак, буни янада мустаҳкамлаш ҳақида ўйлашимиз, шунга хизмат қиладиган амалларимизни кўпайтириш керак. Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалар, жорий йилда жамиятимизни юксалтириш борасида бажариладиган ишлар айнан шунга хизмат қилиши шубҳасиз.
Президентимиз Ўзбекистон армияси халқимизни, юртимиздаги тинчлик-осойишталикни ҳимоя қилишга доим тайёр туриши кераклигини, тинчлик ва хотиржамлик энг қиммат бойликка айланаётганини бир дақиқа ҳам унутмаслик лозимлигини таъкидлади. Дарҳақиқат, бугунги ўзгаришлар замони ҳар биримиздан ана шу ҳушёрликни, ҳақиқий, чин маънода ватансеварликни талаб қилмоқда. Ҳа, бугунги ва эртанги ҳаётимиз, пойдевори мустаҳкам келажагимиз ўзлигимизни, миллий тараққиётимиз ва сарҳадларимиз дахлсизлигини мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқ ҳодисадир. Зеро, “Тинч элнинг боғи гуллар” деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Янги Ўзбекистон боғи доим гуллаб, яшнаб тураверсин!
Салим ДОНИЁРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист