88 ёшли понтифик инсульт ва унинг ортидан “қайта тиклаб бўлмайдиган юрак-қон томир коллапси”дан вафот этди”, дейилади баёнотда. У юраги тўхтаб қолишидан олдин комага тушиб қолган.

Рим папаси Францискнинг ўлими ҳақидаги расмий хулосани Ватикан соғлиқни сақлаш хизмати директори Андреа Арканджели тузган. Унга кўра, Католик черкови раҳбари икки томонлама пневмония, гипертония ва 2-тоифа қандли диабетдан азият чеккан.

Католик черковига 12 йилдан ортиқ раҳбарлик қилган Рим папаси Франциск (туғилган исмли Хорхе Марио Бергольо) 21 апрель куни эрта тонгда вафот этди. Бутун дунё бўйлаб католиклар, протестантлар ва православ христианлар Масиҳнинг тирилиши байрамини нишонлаш арафасида, понтифик одамларни Муқаддас Петр майдонида кутиб олди ва анъанавий Urbi et Orbi (Шаҳарга ва дунёга) дуосини ўқиди. Бу унинг ўлимидан олдин омма олдида сўнгги чиқиши эди, деб хабар беради dw.com.

Папа Франциск ўзининг Пасхадаги мурожаатида, жумладан, сиёсий етакчиларни муҳтожларга ёрдам бериш, очликка қарши курашиш ва тараққиётга ёрдам берувчи ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд ресурсларни йўналтиришга чақирди. “Инсонпарварлик тамойили кундалик юриш-туришимиз учун йўл-йўриқ сифатида ҳеч қачон йўқолиб қолмаслиги керак”, деди у.