Йиғилишда вазирликка бириктирилган маҳаллаларда истиқомат қилаётган аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва бошқа истиқболли режаларни ҳамкорликда белгилаб олиш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Хусусан, Иброҳим Абдурахмонов инновациялар ҳар бир маҳаллада бўлиши лозимлиги, жамиятда иқтидорли ёшлар ва илм-фан билан шуғулланадиган болалар кўпайса маънавиятли инсонлар кўпайишини, айнан илмли ва иқтидорлилар инновацияларни яратишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Вазир биринчи навбатда маҳаллалардан иқтидорли ёшларни топиш ва уларни вазирлик ҳузурида фаолият кўрсатаётган Ёшлар академиясига жалб қилиш, маҳаллада истиқомат қилаётган ёш ва малакали мутахассисларни хорижий давлатларга стажировкаларга юбориш бўйича таклифларини берди.
Шу билан бирга, ишсиз ёшларни ишга киришига кўмаклашиш, аёллар муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш, аҳоли бандлиги ҳамда ёшларни бўш вақтларини мароқли ўтказишларини таъминлаш бўйича вазирлик томонидан тегишли ишлар амалга оширилиши маълум қилинди.
Тадбирда иштирок этган ЎзЛиДеп Халқ депутатлар Кенгаши Яккасарой туман депутати Ли Игорь Геннадьевич вазирликнинг грантларга, ёшлар акселератор марказлари ва стартап лойиҳаларга жалб қилиш бўйича амалга ошираётган ишларини қўллаб қуватлашини ҳамда маҳаллаларда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишда ҳамкорлик қилишдан мамнун эканлигини таъкидлади.
Учрашувдан сўнг Инновацион ривожланиш вазирлиги мазкур маҳаллалар ҳудудида жойлашган муаммоли жойларни бориб кўрди. У ерда ечилиши лозим бўлган масалалар яқиндан ўрганилди. Мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг амалий ечимларини топиш бўйича чоралар кўрилишига келишилди.
Инновацион ривожланиш вазири, академик И. Абдураҳмонов мазкур маҳаллада жойлашган мактабларда ўқувчиларга “вазир соати” ўтишни режалаштирганини айтди. Маҳаллалар миқёсида амалга ошириладиган маданий, марърифий, ижтимоий тадбирларни мувофиқлаштирувчи махсус штаб “Ракат” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.