Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда оғир ҳудудлар рўйхатига киритилган мамлакатимиздаги 1071 та маҳалла фуқаролар йиғинларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар олиб бормоқда.
Хусусан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ аъзолари айни кунларда Қашқадарё вилоятидаги ушбу тоифага кирувчи фуқаролар йиғинларида бўлиб, мавжуд ҳолат билан яқиндан танишмоқда.
Фуқаролар йиғинларининг моддий техник таъминоти бўйича ўрганишлар давомида вилоятдаги 50 та маҳалла биноси жорий, 40 таси капитал таъмирга муҳтожлиги, 24 та фуқаролар йиғини янги бино қуриш зарурлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳудуддаги ўз хизмат биносига эга бўлмаган 2 та маҳалла ҳокимлик балансида бўлган бинода, 276 таси таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари биносида, 34 таси бошқа корхона ва ташкилотларга тегишли бинода, 8 таси қўшни маҳалла биносида, 1 таси маҳалла раисининг хонадонида фаолият юритиб келмоқда.
Таҳлиллар асосида 59 та фуқаролар йиғинида кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилмаганлиги, 9 тасининг коммунал тўловлардан 4,5 млн. сўм қарздорлиги мавжудлиги, 79 та фуқаролар йиғини интернет тармоғига уланмаганлиги, 6 та маҳаллада компьютер жиҳозлари яроқсиз ҳолга келиб қолганлиги аниқланди.
Ишчи гуруҳ томонидан келтириб ўтилган мазкур муаммоларни тез фурсатларда бартараф этиш бўйича туман ҳокимлари ҳамда бошқа масъул ташкилот раҳбарлари билан тегишли чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Вазир Р.Маматов бугун вилоятнинг Қамаши тумани “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, турли аҳоли вакиллари билан мулоқот қилди. Аҳоли муаммоларини бартараф этиш ва шунинг асносида одамларнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашлари, маҳалладаги мавжуд инфратузилмани янада яхшилаш бўйича маҳалла фуқароларининг қатор таклифларига қулоқ тутди.
Шунингдек, ҳудудни ичимлик суви билан тўла таъминлаш, маҳалладаги ички кўчаларни таъмирлаш масаласида фуқароларнинг таклифлари асосида манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди, деб хабар бермоқда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот хизмати.