Aбдуқодир Тошқулов Қорақалпоғистон тиббиёт, Нукус давлат педагогика ҳамда Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтларида яратилган шароитлар, ўқув биноларининг ҳолати ва талабаларнинг билим олиш даражаси билан яқиндан танишди.
Дастлаб, Нукус давлат педагогика институти кимё факультети талабалари билан дилдан суҳбатлашди. Талабалар мавжуд камчилик ва муаммоларни вазирга очиқ, эркин тарзда билдиришди. Жумладан, ўқув адабиётлар, лаборатория асбоб-ускуналари, анжомлари етишмаслиги, мавжудлари ҳам жуда эскириб қолгани маълум қилинди. Бу борада муассаса раҳбариятига бир ой муддатда камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилиб, қатъий назоратга олиш сўралди.
Вазир бугунги кунда талабалар сифатли таълим олишлари учун, энг аввало, замонавий ўқув-лаборатория хоналари, талабалар турар-жойлари ҳамда спорт иншоотларини қуриш муҳим эканлигини таъкидлади.
— Aксарият талабалар тўлов-шартнома асосида таълим олишади. Биз ота-оналарнинг ушбу тўловларига яраша замон талабларига мос шароитлар яратишимиз керак, — деди A.Тошқулов.
Шунингдек, мазкур институтнинг 2800 нафар талабага мўлжалланган, аммо қурилиш ишлари охиригача тугалланмай қолган ўқув биноси кўриб чиқилди. Ушбу бинони 3 ой муддатда фойдаланишга топшириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг, институтнинг куни кеча фойдаланишга топширилган 600 ўринли янги талабалар турар-жойи кўздан кечирилди. Талаба-ёшларнинг ўқишдан бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун мажмуада барча шароит яратилгани қайд этилди. Хусусан, компьютер хонаси, замонавий ахборот-ресурс маркази, санъатга қизиқувчи ёшлар учун чолғу асбоблари, тикувчилик сирларини ўрганиш учун тикув машиналари билан жиҳозланган тўгараклар ташкил этилган. Овқатланиш, ювиниш, интернет тармоғидан фойдаланиш, газета-журнал мутолаа қилиб, телевизор томоша қилиш учун ҳам барча шароит мавжуд. Шунга қарамай, ҳанузгача талабалар учун айрим хизмат кўрсатиш хоналарининг тўлиқ фойдалинишга топширилмагани танқид қилинди.
Сўнгра A.Тошқулов Қорақалпоғистон тиббиёт институтига ҳам бориб, кампусда талабаларнинг ўқиши ва яшаш шароити билан танишди. Институт ҳузурида янги бунёд этилган клиника фаолияти ҳам кўздан кечирилди.
Мазкур институтда замонавий тиббиёт жиҳозлари ва талабалар амалиёт ўташи учун барча қулайликлар мавжуд.
Кейинги манзил Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти бўлди. Вазир талабалар билан мулоқот қилиб, уларнинг институтдаги таълим сифати ҳамда келажак режалари ҳақидаги фикрларини тинглади.
Шу билан бирга, муассасанинг ўқув ва лаборатория хоналари, талабалар турар-жойлари ҳамда спорт иншоотлари билан танишиб, уларни яхшилаш ва талабалар турар-жойида ташкил этилган тикув цехини тикув машиналари билан таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берди. Вазирлик томонидан муассасадаги 7 та ўқув-лаборатория ускуна ва жиҳозлари учун реактивлар сотиб олишга 1 млрд сўм ажратиладиган бўлди.
Институтда молиявий имконият чекланганига қарамай, йўқдан бор қилиб, талабалар учун барча зарур шароитлар яратиб берилгани вазир томонидан алоҳида қайд этилди.