Сенаторлар мамлакатимизда коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ҳукумат томонидан ўз вақтида кўрилган чораларни ижобий баҳоладилар.
Олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 106,9 фоизни, жумладан, саноат – 109,0 фоизни, хизматлар – 107,6 фоизни, қишлоқ хўжалиги – 104,2 фоизни ташкил қилган. Савдо айланмаси ҳажми 167,0 трлн сўмга етиб, ўтган йилга нисбатан 109,8 фоизга ўсган.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида 90,2 минг нафар фуқаро жумладан, 48,6 минг нафардан ортиқ ёшлар ҳамда 59,6 минг нафар аёл касб-ҳунарга, тадбиркорликка ўқитилган.
“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 28,6 минг ишсиз фуқарога 58 млрд 900 млн сўм субсидия ажратилган. “Ёшлар дафтари”га киритилганларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг бир қисмини ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатларини қоплаб бериш бўйича давлат хизмати кўрсатиш йўлга қўйилган.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларида кўзда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун республика бюджетидан 9 трлн 800 млрд сўм сарфланган ҳамда маҳаллий бюджетларга айнан шу мақсадлар учун 301 млрд сўм ссуда ажратилган.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида жами 27 млн дозага яқин вакцина олиб келиниб, 23 млн дозага яқин вакцина билан қарийб 5 ярим миллион аҳоли коронавирусга қарши барча босқичларда тўлиқ эмланган.
Шунингдек, мамлакатимиздаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган “Sputnik V” вакцинаси аҳолини эмлаш тадбирларида фойдаланиш учун топширилган.
Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилган ислоҳотлар натижасида 82 та оилавий шифокор пункти ва 19 та оилавий поликлиника ташкил этилган.
Ялпи мажлисда Дастур ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Дастурнинг 49, 103, 105, 120-бандлардаги топшириқлар белгиланган муддатларда бажарилмагани оқибатида айрим муҳим вазифалар ижроси ўз вақтида таъминланмаганига эътибор қаратилди.
Жумладан, ҳаёт суғуртаси тармоғи ҳамда шахсий суғуртани аҳоли орасида оммалаштириш, уларни кенг миқёсда тарғиб қилиш, шахсий суғурта турларини ривожлантириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
Туризм соҳасидаги битирувчиларни иш билан таъминлаш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликни ташкил этишга қаратилган онлайн-платформа яратиш топшириғи талаб даражасида бажарилмаган.
Ижтимоий-иқтисодий мақсадларга йўналтирилган марказлашган инвестициялар самарадорлигини ошириш, давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA) тизимини жорий этиш юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинмаган.
Маданий мерос объектларининг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш доирасида барча маданий мерос кўчмас мулк объектларини қайта тарихий-маданий экспертизадан ўтказиш ҳамда миллий рўйхатини қайта шакллантириш, маданий мерос объектлари электрон порталини яратиш, уни давлат электрон хизматлари билан интеграция қилиш, давлат кадастр ҳужжатини расмийлаштириш ва давлат кадастрлари ягона тизимига тегишли ахборотларни жойлаштириш ишлари якунига етказилмаган.
Айрим ҳудудларда Ёшлар технопарклари фаолиятини ташкил этиш юзасидан олиб борилаётган ишлар қониқарсиз аҳволда эканлиги сенаторларнинг эътирозларига сабаб бўлди.
Муҳокамалар якунида давлат дастуридаги барча топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.