Унда кенгаш аъзолари, вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари вакиллари иштирок этди.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раиси Танзила Норбоева бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда дастлаб Президентнинг 2021 йил 24 сентябрдаги “Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси, аҳоли ўртасида велоспорт оммавийлигини ошириш, миллий терма жамоанинг Осиё ва Параосиё ўйинлари, Осиё чемпионатлари каби нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришишини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, соҳада сўнгги тўрт йилда самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, велоспорт бўйича миллий терма жамоа халқаро мусобақаларда 98 та медални қўлга киритди. 2019 йилда Тошкент вилоятида 40 дан ортиқ давлатдан спортчилар иштирок этган Осиё чемпионатида умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.

Велоспорт турларини ривожлантириш, аҳолининг бу спорт билан шуғулланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида туман ва шаҳарларда умумий узунлиги 837 километрли велосипед ҳамда 930 километрли “саломатлик йўлаклари” қурилди.

Ҳар бир туман ва шаҳар марказида тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда велосипедлар ижараси ҳамда велосипедлар билан савдо қилувчи дўконлар, велосипедларга техник хизмат кўрсатувчи устахоналар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилмоқда.

Йиғилишда велоспорт билан шуғулланиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, федерациянинг ҳудудлардаги бўлинмалари ва спорт объектларида молиявий ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида бир қатор вазифалар тургани таъкидланди.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Бухоро, Қарши, Навоий, Термиз олимпия захиралари коллежларида, шунингдек, барча турдаги болалар-ўсмирлар спорт мактабларида велоспорт бўлимини ташкил этиш, велоспортнинг шоссе турини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Велосипед йўлакларини замонавий, тежамкор ёритиш тизимлари, йўл белгилари билан тўлиқ таъминлаш, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда велотураргоҳлар қуриш, ногиронлиги бўлган шахслар учун “тўсиқсиз муҳит” ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш кераклиги билдирилди.

Йиғилишда Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва пойтахтда велоспорт турларига ихтисослашган спорт мажмуалари қуриш учун белгиланган режаларни бажариш ҳолати ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, велоспорт турларини ҳудудларда ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, истиқболдаги режалар, ушбу спорт турларига ёшларни кенг жалб қилиш, қизиқувчан йигит-қизларни саралаш, профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш вазифалари белгилаб олинди.