Ҳодиса 29 август куни эрталаб Венгриянинг Калоча шаҳрида содир бўлди. Маълум қилинишича, Роберт исмли йигит аэродром ҳудудига кириб, ерга маҳкамлаб қўйилган Cessna 172 самолётини бўшатган ва ҳавога кўтарилган.

У Пакш шаҳри томон йўл олган. Бу ерда Венгриядаги ягона атом электр станцияси жойлашган. Йигит АЭС атрофидаги чекланган ҳаво ҳудудига кириб, хавфли манёврлар қилгани айтилмоқда.

Шундан сўнг унинг ортидан JAS 39 Gripen ҳарбий қирувчи самолётлари ҳавога кўтарилган. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, Cessna самолёти Герьен қишлоғи яқинидаги кунгабоқар даласига мажбурий қўнди.

Қаттиқ қўниш оқибатида самолётнинг шасси қисми шикастланган, фюзеляж эса ёнбошига ағдарилган. Бироқ йигит жароҳат олмаган.

У самолётни ташлаб, яқин атрофдаги 512-автомобиль йўлига чиққан ва ўтиб кетаётган автомашинани ҳам ўғирлашга уринган. Аммо ҳайдовчи уни тўхтатиб қолган ва полиция чақирган.

Текширувлар чоғида йигит маст ҳолда бўлгани аниқланган. У полицияга воқеа вақтида шу қадар маст бўлганини, самолётни ўғирлагани ва парвоз қилганини умуман эслай олмаслигини айтган.

Маълум бўлишича, унинг учувчилик лицензияси ҳам, ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам бўлмаган. Яқинларининг сўзларига кўра, у бир неча марта ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга уринган, аммо имтиҳондан ўта олмаган. Унинг ҳеч қандай учиш тайёргарлиги ҳам бўлмаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда. Шунингдек, полиция ва авиация идоралари Калоча аэродромидаги хавфсизлик чораларини текширишни бошлаган.