Кейинги йилларда Ўзбекистон катта бунёдкорлик мамлакатига айланди. Уй-жойлар, иншоотлар, завод-фабрикалар қурилиши авжида. Бу, авваламбор, қурилиш материалларига бўлган талабни кучайтиради. Сўнгги 3 йилда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга ошди.

Лекин бу ички эҳтиёжни тўлиқ қоплашга камлик қилмоқда. Таъкидланганидек, ўтган йили қарийб 1 миллиард долларлик қурилиш материаллари импорт қилинган.

Давлатимиз раҳбари барча даражадаги ҳокимларни маҳаллий саноат салоҳияти ва ундан фойдаланишни чуқур, пухта ўйлаб кўрмагани учун танқид қилди.

– Ҳудудга нима четдан олиб келинаяпти, нимани ўзида ишлаб чиқариш мумкин, бунинг учун нима қилиш керак, деган саволлар ҳокимларни ҳар куни қийнаши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.