Бироқ мамлакатнинг қарийб бир асрлик тарихи мобайнида давлат, жамият ва дин ўртасидаги муносабатлар турли мазмунда ривожланди. Мамлакатда ҳукмрон бўлган турли сиёсий-ижтимоий мафкуралар сабабли давлат ва дин муносабатлари бир-биридан кескин фарқланувчи даврларни юзага келтирди. Табиийки, мазкур даврларда дунёвийлик ва динийлик мутаносиблиги борасидаги қарашлар жамият ҳаётига катта таъсир кўрсатди.

XX аср сўнгида Шарқ мусулмон дунёсида “Ислом уйғониши” ёки “Қайта исломлашув” шиори остида юз берган ҳодисалар янги сиёсий-мафкуравий жараён юзага келганидан дарак берар эди. Ўзбекистонда ҳам атеистик мафкура тарғиботи тугатилгандан сўнг ижтимоий онгда исломга оид ғоялар таъсири ортиб борди.

Мазкур вазиятда замонавий секуляр демократик давлатчилик йўлини танлаган мамлакатимиз олдида дунёвийлик ва динийлик ўртасида мувозанатли муносабатни оқилона ва қонуний ҳал этиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Мазкур масалада диннинг юксак ролини эътироф этиш билан бирга, дунёвий фикр, дунёвий турмуш тарзи ҳам у билан ёнма-ён ва тенг яшаш ҳуқуқига эгалиги қатор норматив ҳужжатлар асосида ўз исботини топди. Хусусан, мамлакатда фуқаролик жамиятини шакллантириш, бозор иқтисодиёти ва қонун устуворлигини амалиётда таъминлаш билан бир қаторда диний қадриятлар қарор топишига имкон яратилди.

Дунёвийлик ва динийлик ўртасидаги мувозанат асослари, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-, 31-, 61- моддаларида акс этди. Мазкур моддаларда мамлакатда жорий этилган демократия умуминсоний принципларга асосланиши, инсон эркинлиги олий қадрият, деб қайд этилиши баробарида ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги кафолатланиши ва диний ташкилот ва бирлашмалар фаолиятига давлат аралашмаслиги белгиланди.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси динга нисбатан бағрикенглик асосида сиёсат юритилишини таъминловчи асосий ҳужжатга айланди. Шунингдек, 1991 йил 14 июнда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. 1998 йил 1 майда мазкур қонунга айрим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши натижасида унинг янги таҳрири эълон қилинди. Виждон эркинлиги ҳуқуқи жаҳон давлатчилик амалиётида кузатилгани каби дунёвийлик ва динийлик мутаносиблигини таъминловчи бирламчи асос вазифасини ўтади.

Қайд этиш лозимки, 2016 йилдан бошлаб мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатида динийлик ва дунёвийлик борасидаги ислоҳот ва ўзгаришлар яққол намоён бўлди. Умумий жиҳатдан мазкур ислоҳотларни мамлакатнинг ташқи алоқалари ва ички ҳаёти билан боғлиқ икки турдаги янгиланишлар сифатида таснифлаш мумкин. Янги Ўзбекистоннинг дин борасидаги ташқи сиёсий ўзгариш ва ислоҳотлари қуйидаги ҳодисаларда акс этади:

Биринчидан, Президентимиз 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида “Биз бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблаймиз”, деб таъкидлади. Шунингдек, у мазкур сессия иштирокчиларига БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.

Иккинчидан, Ўзбекистон БАА, Миср, Покистон, Саудия Арабистони, Туркия, Эрон каби мусулмон мамлакатлар билан турли соҳаларда фаол ҳамкорликни йщлга қўйди. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармонида Индонезия, Бангладеш ва Малайзия мамлакатларидан хорижий туристларнинг юртимизга саёҳатини ташкил этишга қаратилган ҳамда “Умра+” дастури доирасида Ўзбекистон Республикасига авиапарвозлар, қўниш ва учиш хавфсизлиги қоидаларидан ташқари, тўсқинликсиз амалга ошириш белгиланди.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида айрим мамлакатларга 2018 йил 1 январдан виза тартибини соддалаштириш, ушбу давлатларнинг фуқароларига махсус зиёрат туризми дастурларини таклиф этиш ҳамда имтиёзга эга давлатлар рўйхатини ишлаб чиқиш кўзда тутилди.

Тўртинчидан, дин ва виждон эркинлиги масалаларида халқаро ташкилотлар билан изчил алоқаларнинг йўлга қўйилиши ва уларнинг талаб ҳамда таклифларини инобатга олишнинг ўзига хос механизми шакллантирилди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид томонидан берилган 52 та тавсиянинг 51 таси бажарилгани ҳақида маълум қилди. Бу каби воқеалар Ўзбекистоннинг динийлик ва дунёвийлик масалаларида жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорликка очилаётганини англатади.

Янги Ўзбекистоннинг дин борасидаги ижтимоий-маданий ўзгариш ва ислоҳотлари қуйидаги ҳодисаларда акс этади:

Биринчидан, 2016-2017 йилларда экстремизм ва терроризмнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тамойиллари концептуал тарзда қайта кўриб чиқилиб, 2018 йил 30 июлда “Экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда илк бор экстремизм билан боғлиқ тушунчаларга аниқ таърифлар келтирилди. Ислоҳот натижасида диний экстремистик гуруҳларга иштирок этишда айбланган 20 минг шахс рўйхатдан чиқарилгани маълум қилинди.

Иккинчидан, 2018 йил 16 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.

Марказий Осиё ва Кавказ институти директори С.Корнелл мазкур фармон мазмуни ва амалий аҳамияти ҳақида қуйидаги фикрни билдирди: “Мамлакат раҳбарияти дунёвий давлатчилик билан уйғунлик касб этувчи ва бошқа жамиятларга намуна бўла оладиган оқилона қарор қабул қилди. Ўзбекистон мусулмон дунёси учун мисли кўрилмаган муҳим тенденция ва модел учун асос яратди. Мамлакатда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий марказ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизация марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ушбу стратегияга тўлиқ мос келади”. Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёев секуляр тамойиллар асосида ислом маърифати ғоясини илгари суриб, дунёвий тизимни сақлаб қолган ҳолда диний институтлар имконият чегараларини кенгайтиришга қаратилган янги моделга асос солди.

Учинчидан, 2018 йил июнь ойида “Ўзбекистон Республикасида ислом банк иши ва молия инфратузилмасини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди. Ҳужжат Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) Ўзбекистондаги Asia Alliance Bank билан савдо-сотиқни ислом банки қоидаларининг “музораба” принципи асосида кредитлаш учун юз миллион доллар ажратиш тўғрисидаги шартномани имзолади. ITFC матбуот хизматининг билдиришича, бу ислом банкинги бўйича Ўзбекистон билан имзоланган энг биринчи шартнома бўлди.

Тўртинчидан, давлат томонидан диний ташкилот етакчиларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг жамият руҳий-маънавий ҳаётини барқарорлигини таъминлашга қаратилган фаолияти рағбатлантириш амалиёти кузатилди. Янги шакл ва мазмундаги виждон эркинлиги ҳуқуқининг либераллашув натижасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди. Айтиш жоизки, дин соҳаси вакилларининг давлат мукофоти билан тақдирланиши мустақил Ўзбекистон тарихида кузатилмаган эди.

Таъкидлаш лозимки, виждон эркинлигини таъминлаш борасидаги туб ислоҳотлар ва янгиланишлар жамиятда эркин фикр-мулоҳазалар ривожига ҳам сезиларли даражада таъсир ўтказди. Фикр, сўз ва эътиқод эркинлигини янада либераллашуви натижасида дунёвийлик ва динийлик мутаносиблиги борасидаги айрим изоҳ талаб мавзуларга аниқлик киритишни тақозо қилди. Шу нуқтаи назардан, 2021 йил 5 июлда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниб, баҳсли масалаларга аниқ ҳуқуқий жавоб берилди.

Ўзбекистонда дунёвийлик ва динийлик уйғунлиги борасидаги фикрлар мустақилликнинг илк давридан бошлаб илгари сурилди. Бу борада мамлакат ижтимоий–маданий тараққиётида анъанавий диний қадриятларнинг ўрнига юқори баҳо берилди. Айни пайтда аждодлар маънавий меросини тиклаш орқали давлатнинг халқаро нуфузини ошириш, халқни буюк келажак сари руҳлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шундай бўлса-да, дунёвий демократия тамойиллари давлат ва жамият бошқарувининг бош асоси мезони бўлиб қолди.

Мамлакатдаги дунёвийлик ва динийлик борасидаги ислоҳотларнинг муваффақиятли бўлиши учун, фақатгина ҳукуматнинг хоҳиши ва ҳаракати етарли эмас, бунинг учун ижтимоий онгда ҳам янгиланишларни тўғри қабул қилиш лаёқати бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан жамият ҳаётининг ҳуқуқий жиҳатдан эркин бўлиши унинг ички сифат кўрсаткичларига бевосита дахлдор, деб хулоса чиқаришга имкон беради.

Даврон КОМИЛОВ,

Тошкент давлат транспорт университети

катта ўқитувчиси