Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан уй шароитида COVID-19 инфекциясини даволаш учун тавсия этилган профилактик дориларнинг Яккабоғ туманидаги дорихона шохобчаларида мавжудлиги юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан 2020 йилнинг 16 июль куни танланма асосида тумандаги 20 та дорихона шохобчаларида жамоатчилик кузатувлари олиб борилди.
Хўш натижалар қанақа....?
Жамоатчилик назорати тартибида ўтказилган кузатувларда, тумандаги мавжуд дорихоналарда фақатгина «Азитромитсин» дори воситаси савдода мавжуд бўлиб, нархлар ишлаб чиқарилган давлатларига (Ўзбекистон, Ҳиндистон, Россия Федерацияси) қараб 5000 сўмдан 26000 сўмгача сотилаётганлиги кузатилди.
Кузатув ўтказилган 20 та дорихонанинг бирортасида «Плаквенил», «Лопинавир/Ритонавир», «Ремдесивир», «Умифеновир» ва «Фавипиравир» дори воситалари мавжуд эмаслиги ёки сотиш учун сўнги уч ой давомида умуман олиб келинмаганлиги ва сотилмаётганлиги кузатилди.
Тумандаги «Хуррамов Шеробот» хусусий корхонаси, «Лайло Фарм» хусусий корхонаси, «Ибн-Сино» хусусий корхонаси, «Даво Фарм сервис» масъулияти чекланган жамияти, «Алпалаид», «Анис Мига фарм» хусусий корхоналари, «Эргашев Улуғбек Эргашович» хусусий дорихонаси, «Галин», «Қорасув Жавохири», «Эко оптика», «Шаҳбозбек Лидер», «Идеал шифо», «Феруза Ледр», «Инбес Лайн», «Турон» хусусий корхоналари, «Мустафо Жуманов», «Виждон ила инсоф фарм», “Яккабоғ фарм” масъулияти чекланган жамиятларига қарашли дорихона шохобчаларида фақат «Азитромитсин» дори воситасининг 3 дона капсуласи 5000 дан 26000 сўмгача сотилаётганлиги, уй шароитида covid-19 инфекциясини даволаш учун тавсия этилган профилактик дорилардан “Плаквенил», «Лопинавир/Ритонавир», «Ремдесивир», «Умифеновир» хамда «Фавипиравир» дори воситалари умуман савдода мавжуд эмаслиги аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Кузатувларда туман ҳудудидаги кўплаб дорихона шохобчалари амалдаги талабларга мутлақо зид тарзда фаолият олиб бораётганлиги, туманинг «Обод» маҳалласи ҳудудида жойлашган дорихонанинг номланиш пешлавҳаси, иш режими мавжуд эмаслиги, дорихона амалдаги меъёрий талабларга мутлақо жавоб бермаслиги, дорихона шохобчаси томонидан асосан тунги вақтларда савдо фаолияти амалга оширилиши аниқланди.
Келгусида Федерация томонидан ҳудудларда сотилаётган дори воситалар ва уларнинг нархи жамоатчилик назорати тартибида доимий ўрганиб борилади ҳамда бу борада кенг жамоатчилик хабардор қилинади.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати