Бу ҳақда у маҳалла аҳолиси билан учрашуви давомида маълум қилди.

— Ҳар куни шу ерда, сизларга қўшни бўламан. Уйим маҳалла идорасининг рўпарасида жойлашади. Бугун шу ерга контейнер ўрнайди ва унга «вилоят ҳокимининг уйи» деб ёзиб қўйилади, — деди Шавкат Абдураззоқов.

Бугун эрта тонгдан мазкур маҳаллага юзлаб ишчи-ходим ва ҳашарчилар жалб этилди. Шаҳарнинг чекка ҳудудида ерларни текислаш, электр тармоқлари тортиш, ободонлаштириш ишлари бошланди. Узоқ йиллар давомида фойдаланишда бўлган чиқиндихона ёпиладиган, маҳалла идораси эса қайтадан қуриладиган бўлди.
Энг асосийси, маҳаллага тоза ичимлик суви келтирилади.


— Бу ерда 3 гектар жойда кичик саноат зонаси ташкил этамиз ва камида 10 та корхона очамиз. Бунинг ортидан 12 минг киши истиқомат қиладиган маҳаллада 1000 нафар одам ишли бўлади, — деди вилоят ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев кеча, 19 февраль куни кутилмаганда Наманган шаҳридаги «Бунёдкор» маҳалласида борган ва ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган ҳудуддаги аҳволни танқид остига олганди.