“Мурувват уйи” ҳовлисида жонлиқ сўйилиб, Қуръон тиловат қилинди. Ушбу шифо масканидаги васийликга олинган ногирон аёлларга Янги йил байрами арафасида эҳсонлар улашилиб, саломатлик маскани шифокорларига янги йил совғалари топширилди.  Ушбу “Мурувват уйи”да айни пайтда 250 нафар хотин-қиз васийликга олинган бўлиб, уларнинг барчаси ақлий ва руҳий ҳаста бўлган аёллардир. Бу маскандагилар бошқалардан нафақат саломатлик жиҳатидан, балки меҳр-мурувватга ташналиклари билан ҳам ажралиб туради. Уларнинг баъзилари биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган жисмонан ўзгалар кўмагига муҳтож аёллардир. Бу кўмакни уларга қалблари халатларидек пок фидоий шифокорлар туну-кун кўрсатиб келаётгани таҳсинга лойиқ.

— Меҳр-мурувват бу — биз бир-биримизга беришимиз зарур бўлган энг муқаддас туйғу, — дейди вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев. — Бу туйғуни ҳамма баб-баравар сезади, хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса, хоҳ соғлом бўлсин-у хоҳ хаста. Бу ерда меҳнат қилаётган жамоанинг ҳар бир ходими мана шу эзгулик билан ёнма-ёндир. Улар ҳар биримизнинг, халқимизнинг ҳурмату эъзозига лойиқ.

“Мурувват уйи”даги аёллар маданий дам олишлари учун кутубхона, мусиқа, бадий гимнастика, маънавият ва маърифат хоналари мужассам қилинган. Ошхона, дам олиш хоналари ва ҳар бир палата тоза, озода ва ораста.