Президентимизнинг 2021 йил 23 ноябрдаги "Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ танлов орқали ижарага беришда “дафтар”ларда рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга алоҳида устуворлик белгиланган.

Мазкур ҳужжат ижроси юзасидан Кадастр агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳудуддаги “дафтар”ларда рўйхатда турувчи жами 38 мингдан ортиқ ёшларга вилоят ҳудудининг 15 та туманидан балл бонитети ўртача 60 дан кам бўлмаган, жами 5 минг 531 гектар ер майдони ажратилади.

Бундан кўзланган мақсад — ёшларни банд қилиш, аҳолининг даромад топиш ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишида деҳқон хўжаликлари улушини ошириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини барқарорлаштиришдир.

Тошкент вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати