Тошкент вилоятидаги Ёшлар технопаркида кимё фанини интерактив тарзда ўргатувчи дастур, яъни виртуал лаборатория дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди. Лойиҳа доирасида яратилган VR кўзойнаклар орқали ўқувчилар кимёвий элементларнинг реакцияга киришиш жараёнини кузатиши ва ўзлари ҳам машғулотларни бажариб кўриши мумкин. 3D форматдаги кўриниш ўрганувчига ҳар бир ҳодисани ҳис қилиш, мукаммал тушуниш имконини беради. Боиси, жараённи шунчаки тасвирларда кузатмайди, балки ўзи ҳам жараёнда иштирок этади.
Технопарклар стартап лойиҳаларни шакллантириб, ишга туширади. Уларга қўйиладиган биринчи галдаги талаб — янги ёндашув бирор муаммонинг ечими бўлиши керак. Виртуал лаборатория лойиҳаси муаллифи Ойбек Тўйчиев ҳам мактаб таълимига оид интерактив дастур ишлаб чиқишни мақсад қилади. Кузатуви давомида ўқитувчилар дуч келаётган қийинчиликлардан бири кимё фанини ўргатиш, ўқувчиларни бу фанга қизиқтириш эканига гувоҳ бўлади.
— Ҳамма мактабда ҳам кимё лабораториялари учун керакли жиҳозлар, кимёвий элементлар бор эмас, айниқса, чекка жойларда, — дейди лойиҳа раҳбари Ойбек Тўйчиев. — Ўқувчи машғулотни визуал бажариб кўрмаса, унда фанга қизиқиш уйғотиш, мавзуни тушунтириб бериш қийин. Ҳозир — техника асри. Ҳар куни янги ихтиро ва ишланмалар, бир-биридан ҳайратланарли ақлли технологияларга гувоҳ бўляпмиз. Демак, мавзуни шунчаки доскада тушунтириш билан бугуннинг боласини фанга жалб қилиш қийин. Шунинг учун ҳам “Interaktiv ta’lim VR” дастурини ишлаб чиқиб, VR кўзойнаклар ёрдамида амалий машғулотлар ўтишни йўлга қўйдик. Инновацион дастур шу йил май ойида Оҳангарон туманидаги 12-мактабда қўлланди. Лойиҳанинг кейинги босқичида физика, тарих, биология фанларини ҳам виртуал реаллик асосида ўрганиш учун махсус лаборатория дастурлари ишлаб чиқилади.
“Ақлли” дастурлар таълимни чегара билмас мароқли машғулотга айлантиради. Ўқувчи кимёвий моддалар билан тўғридан-тўғри ишлаши шарт эмас. VR кўзойнакни тақиши билан жараён виртуал тарзда кечади.
— Замонавий лаборатория ўқувчиларга машғулотларни мустақил ва хавфсиз ўтиш имконини беради, — дейди Оҳангарон туманидаги 12-мактаб ўқитувчиси Шоҳсанам Эргашева. — Биласизми, ҳозирги ёшларни фақат дафтар, қалам, кўргазмали қуроллар билан дарсга қизиқтириш қийин. Кимёвий элементларнинг реакцияга киришиши, икки модданинг бирикишидан бошқа бир модда ҳосил бўлиш жараёни қизиқарли. Фақат буни ўқувчи ўз кўзи билан кўрсагина фанга меҳри ошади.
Ахборот технологияларига ҳам, соҳа сирларини пухта эгаллаган мутахассисларга ҳам талаб юқори. Ёш авлодга мактаб давриданоқ дунё талабига монанд таълим бериш, албатта, самарасини кўрсатади. Кечанинг фантастикаси бугуннинг реаллигига, бугуннинг фантастикаси эртанинг реаллигига айланиб бораётган шиддатли замонда “ақлли” технологиялардан кундалик ҳаётимизда фойдаланиш ҳам оддий ҳолга айланиб бораверади. Виртуал саёҳат, машғулот, харид бир вақтлар биз учун мутлақо янги, шу билан бирга, шубҳали ҳам эди. Бугун эса уларнинг афзалликлари исботланмоқда.
Феруза ЖЎРАЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири