Ўзбекистон билан ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ЕХҲТнинг барча институтлари, жумладан ДИИҲБ билан конструктив ўзаро ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар. Бюронинг сайловларни кузатиш бўйича тўлиқ миқёсдаги миссиялари парламент (2019 йил) ва Президент сайловларида (2016 ва 2021
йиллар) иштирок этди.
Э.Мерфи Ўзбекистон билан ДИИҲБ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги суръатини, жумладан, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш каби йўналишлардаги алоқаларни юқори баҳолади.
Суҳбат чоғида 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича ДИИҲБ миссиясининг якуний ҳисоботида илгари сурилган тавсияларнинг ижроси юзасидан фикр алмашилди. Томонлар бу йўналишда конструктив ҳамкорликка тайёр эканини билдирдилар.
ДИИҲБ делегациясига Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиёда мутлақо янги аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш имконини берган ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси доирасида юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
ДИИҲБ вакиллари кўп қиррали ҳамкорликни, жумладан, турли йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш орқали кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.