Томонлар икки давлат раҳбарларининг ўзаро ишончли мулоқоти ва амалий саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик ҳамда кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришдаги жадал ўсишни мамнуният билан қайд этдилар.

В.Мисри Ҳиндистон ҳукумати мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар йўналишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдириб, Ню-Деҳли Ўзбекистон билан барча икки томонлама йўналишларда ҳамда «Ҳиндистон+Марказий Осиё» формати шакли доирасида ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёрлигини таъкидлади.

Ўзбекистон томонининг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари юқори баҳоланди. Бу ташаббус тарихан яқин бўлган икки минтақанинг улкан савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва транзит салоҳиятини рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар очади.

Дунё ва минтақадаги бугунги вазият юзасидан фикр алмашилди. В.Мисри Ўзбекистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш, мазкур мамлакат иқтисодиётини тиклашга қаратилган инфратузилма, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фаол қадамларини олқишлади.

Халқаро институтлар орқали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларнинг ташкилий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳиндистон делегацияси Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигининг устувор йўналишларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.