Элчининг ишонч ёрлиғи нусхаларини қабул қилар экан, Вазир уни лавозимга тайинлангани билан табриклади ва дипломатик миссияни амалга оширишда муваффақиятлар тилади.
Б.Геннад Жазоир томони Янги Ўзбекистон билан барча йўналишларда алоқаларни ҳар томонлама мустаҳкамлашга тайёрлигини таъкидлади. Мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, олиб борилаётган тизимли ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ва эришилган ютуқларга юқори баҳо берилди.
Учрашув давомида Ўзбекистон-Жазоир сиёсий мулоқотини жадаллаштириш, шу жумладан ўзаро ташрифларни ташкил этиш, маслаҳатлашувлар ўтказиш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий соҳада мавжуд салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича биргаликда чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилди. Жумладан, Ўзбекистонда автомобиль ва нефть-газ саноати, АКТ, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда Жазоир компанияларининг иштироки тўғрисида фикр алмашилди. Икки мамлакат савдо-саноат палаталари ва бизнес субъектлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ўзаро аснода савдо уйларини очиш масаласини кўриб чиқиш муҳимлиги қайд этилди.
Жазоирдан Ўзбекистонга, хусусан, дунёга машҳур тарихий Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сайёҳлик оқимини ошириш учун имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Музокараларда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг қатор масалалари ҳам муҳокама этилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.