Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан Жамғарма ўртасидаги турли соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

Н.Ламмерт Жамғарма Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Осиё давлатлари вакиллари учун жамғарманинг йиллик анжумани ўтказиладиган жой сифатида айнан Тошкент шаҳрининг танлангани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Жамғарма раҳбари ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида ўтказилган музокараларнинг самарали натижаларини таъкидлади. Шу нуқтаи назардан, жамғарма билан Ўзбекистон парламенти ва сиёсий партиялари ўртасида яқин ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон-Германия муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган тадбирлар жадвали бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Жамғарма раиси ўзаро ҳамкорликни, жумладан, тажриба алмашиш ва ташрифлар ташкиллаштириш амалиётини давом эттириш орқали янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Иқтисодиёт, экология, илмий-тадқиқот соҳаларида, қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш, давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Журналистлар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш, Фонднинг «Ёш журналистларни қўллаб-қувватлаш» ва «Профессионал журналистларни тайёрлаш» дастурларида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирокини ташкил этишдан ўзаро манфаатдорлик билдирилди.

Музокараларда минтақавий ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар ҳам кўриб чиқилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.