Жанубий Корея ҳукумати раҳбари Жанубий Корея ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йилдан ошганига эътибор қаратиб, бу ўзаро англашув ва ишончнинг юқори даражасига чиққанини, ҳамкорлик савдо, инвестиция, илм-фан ва технологиялар ҳамда бошқа соҳалардаги фаол суръат билан ифодаланишини таъкидлади.

Қайд этилганидек, Корея томони Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойида Сеулга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалий ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор қаратяпти.

Корея томони икки давлат ўртасида Эркин савдо тўғрисидаги битимни тузиш бўйича музокаралар жараёнини тезроқ якунлаш муҳимлигини билдирди.

Томонлар сўнгги йилларда чинакам стратегик хусусият касб этган соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш зарурлигини ўзаро таъкидладилар.

Бош вазир Корея компанияларининг Ўзбекистонда ташкил этилган пахта саноат кластерлари доирасида тўқимачилик саноати соҳасида иштирок этишидан манфаатдор эканлигини қайд этди деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Хан Док Сунинг таъкидлашича, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, шунингдек, тадбиркорликни рағбатлантириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар хорижий инвесторлар учун, жумладан, корейслар учун ҳам Ўзбекистон бозорида ўз иштирокини кенгайтиришга яхши ишорадир.