Дипломат Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида эришилаётган ютуқларга ижобий баҳо берди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон-Сингапур муносабатларининг турли соҳалардаги долзарб жиҳатлари муҳокама этилди.

Икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини, жумладан, ўзаро ташрифлар ташкил этиш, ТИВлараро маслаҳатлашувлар ўтказиш, шартномавий-ҳуқуқий базани кенгайтириш, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш орқали алоқаларни фаоллаштиришни ҳар томонлама амалга ошириш зарурлигига эътибор қаратилди.

Турли даража ва шаклларда режалаштирилган тадбирлар жадвали юзасидан фикр алмашилди.

Иқтисодий дипломатияни рағбатлантириш мақсадида томонлар ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш, бизнес-форумлар ташкил этиш, электрон тижорат, «яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш, таълим, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлигини қайд этилди.

Дўстона ва ўзаро ишонч муҳитида ўтган учрашув якунлари бўйича икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида барча соҳаларда алоқаларни йўлга қўйишда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.