Истиқлолнинг 30 йиллик шодиёналари остонасида туриб, беихтиёр ортга назар ташласак, сўнгги йилларида бошланган улкан ва шиддатли ислоҳотлар кўламидан ҳайратга тушамиз. Қад ростлаётган баланд иншоотлар маҳобатига ғурур билан боқамиз.
Айниқса, шаҳарларга ёндош қурилаётган янгича қиёфадаги массивлар минглаб одамларни уй-жой ва иш билан таъминлашга хизмат қилиб, диёримиз кўркига кўрк қўшмоқда. 3 миллион 153 минг аҳоли истиқомат қиладиган Андижон вилоятида ҳам ана шундай шаҳарчага пойдевор қўйилди.
Андижон шаҳри яқинида қурилиши бошланган Янги Андижон турар жой массиви 411 минг аҳолига мўлжалланган. Қурувчилар замонавий шаҳарчани Мустақиллик байрамига қадар битказиб, вилоят аҳлига туҳфа этишни режалаштирган.
Янги Андижон массивининг бош режаси давлатимиз раҳбарига тақдимот қилинганига ҳали кўп бўлмади. Президентимиз жорий йил 12 апрелда лойиҳа билан танишар экан, уй-жойларни пухта ва сифатли лойиҳалаштириш, уни амалга оширишда маҳаллий мутахассисларнинг салоҳиятидан унумли фойдаланиш, унда имкон қадар яшил ҳудудлар, боғ ва хиёбонлар ташкил этилишини, аҳолининг дам олиши ва меҳнат қилиши учун қулай шароитларни назарда тутиш бўйича топшириқлар берди. Пухта ишланган лойиҳа режаси ҳамда белгиланган вазифалар асносида Андижон тумани адирликлари устида янги шаҳар барпо этиш ишлари бошлаб юборилди.
Андижон шаҳри мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган ҳудудлардан бўлиб, унинг ўзида ривожланиш учун бўш жой йўқ. Шу боис, янги ва замонавий шаҳарча қурилиши учун аҳоли уйлари бўлмаган, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдон танланди.
— Турар жой мажмуаси учун Андижон туманидаги Истиқлол массивидан 4 минг гектар ер майдони ажратилди, — дейди Андижон вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Иброҳимжон Холматов. — Лойиҳага кўра, қурилиш ишлари 8 та босқичда амалга оширилади. Бу 10 йилга мўлжалланган йирик дастур бўлиб, босқичма-босқич давом этади. Дастлабки босқич учун 718 гектар ер майдони белгилаб олинган. Шундан 42 гектар майдон биринчи навбатда қурилиши зарур бўлган уй-жойлар учун ажратилди. Ҳозирда қурилиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти. Бир сўз билан айтганда, Андижон шаҳри ёнида яна бир “Янги Андижон”шаҳарчаси пайдо бўляпти.
Лойиҳа бош режаси Туркиянинг “KEYM kentsel yenilime merkezi” ширкати томонидан ишлаб чиқилган. Турар жой массиви 1439 гектарда жойлашадиган уй-жой, савдо масканлари ва кичик саноат зонаси, 1820 гектар яшил ҳудуд, 223 гектарлик хизмат кўрсатиш ҳудуди ҳамда 499 гектар автомобил йўлларидан иборат бўлади. Лойиҳага кўра, 42 гектар майдонда 170 та турар жой қурилиши белгиланган бўлиб, жорий йилда унинг дастлабки босқичи амалга оширилади. Биринчи фазада 1240 хонадондан иборат 5 ва 6 қаватли 62 та уй-жой, 900 ўринли олий таълим муассасаси, 650 нафар ўқувчи сиғимига эга мактаб, 300 нафар тарбияланувчига мўлжалланган боғча ҳамда 200 ўринли поликлиника барпо этилади. Жараёнда ҳудудни тўлиқ инфратузилма билан таъминлаш, мавжуд йўлларни капитал таъмирлаш ва янгиларини қуриш ишлари олиб борилади.
Уй харид қиладиган одамлар учун унинг мустаҳкамлиги, тасодифий ҳодисаларга бардошлилиги муҳим аҳамиятга эга. Пойдевори бақувват хонадон ўз соҳибига узоқ йиллар хизмат қилади. Шу боис, лойиҳа доирасида уй-жойлар қурилишининг сифатига алоҳида эътибор қаратилгани ҳолда, ер участкаларининг геологик жойлашуви, сейсмик даражаси, сел ариғини ташкил қилиш каби ҳолатлар ҳам аниқ рақамлар асосида ҳисобга олинди.
Барпо этилаётган кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари жойлаштирилади. 1,8 гектар ер майдонида 100 ўринли мехмонхона, супермаркет, экобозор, умумий овқатланиш корхоналари қурилади. Бу эса аҳолининг ўз ҳудудидан узоқлашмаган ҳолда, турли хизматлардан фойдаланиш имкониятини оширади.
Айни пайтда “Янги Андижон” турар жой массивининг 1-босқичидан ўрин олган қурилиш ишлари авжида. Иш кўлами катта бўлгани боис, 20-30 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилмоқда.
Қурилишга бош-қош бўлаётган пудратчи ташкилотлардан биринчи навбатда, лойиҳаларни сифатли амалга ошириш талаб этилаётгани бежиз эмас. Бундан кўзланган мақсад ягона — аҳолига узоқ йиллар хизмат қиладиган замонавий ва шинам хонадонларни топшириб, одамларнинг обод масканларда фаровон ҳаёт кечиришига замин яратишдир.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири