Маълумотларга кўра, куч ишлатар тузилмалар вакиллари кафелардан бирига бостириб кириб, у ерда бўлган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини калтаклаган.

Ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро оғир жароҳат олиб, комага тушган. Улардан бири бир неча кун ўтиб вафот этган, яна бир фуқаро эса ҳозирда шифохонада оғир аҳволда даволанаётгани айтилган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Россия Федерациясининг Хабаровск шаҳрида Ўзбекистон фуқаросининг вафоти билан боғлиқ ҳолат Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонаси ва Миграция агентлиги томонидан назоратга олинган.

Бош консулхона марҳумнинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб, уларга зарур консуллик ва амалий ёрдам кўрсатмоқда. Фуқаронинг жасадини Ватанга қайтариш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан Хабаровск ўлкаси Прокуратураси, Тергов бошқармаси ҳамда Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Хабаровск ўлкасидаги ваколатхонасига ноталар юборилиб, ҳолатни ҳар томонлама холисона ва қонуний тартибда ўрганиш сўралди.

Айни пайтда фуқаронинг вафот этиш сабаблари бўйича расман тасдиқланган маълумот мавжуд эмас. Тегишли идоралардан аниқ маълумотлар келиб тушиши билан жамоатчиликка қўшимча ахборот берилади.

Ижтимоий тармоқларда тилга олинган иккинчи фуқаро ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмади.

Ўзбекистон дипломатлари хориждаги ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифа деб билади.