Вилоятда жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 5 мингта янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлади. Ярим йилдан сал кўпроқ вақт ичида бир ҳудудда шунча ишбилармон ўз бизнесини йўлга қўйиши, бизнингча, катта кўрсаткич. Ваҳоланки, тадбиркорлик йўналишида иш олиб бораётган бизнес вакиллари шу пайтгача бир қатор тўсиқлар мавжудлиги боис, фаолият юритиши анча мушкул бўлган.
Оддий мисол, биргина лойиҳани амалга ошириш учун қанча идорага боришга, қоғозбозлик қилиб, рухсат сўрашга мажбур эди. Бу каби оворагарчиликдан чарчаб, қўл силтаб, бошлаган ишини ташлаб кетганлар ҳам бўлди. Шундай сансалорлик, турли баҳоналар ортидан соҳа оқсаб қолган.
Албатта, тадбиркорни қўллаб-қувватлашга ҳаракат бор эди, лекин уларнинг эркин фаолият юритишларига халақит берувчи омиллар ҳам кам эмасди. Сўнгги йилларда бу борада кескин бурилиш ясалди. Соҳада янги босқич бошланди. Одамларда ишонч пайдо бўлди, иштиёқ кучайди. Ўз ишига, касбига меҳр ошди. Навоий вилоятидаги етти ойлик кўрсаткич ана шу саъй-ҳаракатлар самараси, аслида.
Яна бир эътиборли жиҳати, вилоятда 2018 йилгача хорижий капитал иштирокида 56 та корхона мавжуд бўлган бўлса, жорий йилга келиб улар сони 283 тага етди.
Хорижий сармоядорлар жалб этилиши тармоқларга замонавий, тежамкор технологияларни олиб кириш баробарида, бозорга янги маҳсулотлар етказиб беришда ҳам қўл келмоқда. Масалан, “Zarafshon industry texnology” масъулияти чекланган жамияти томонидан хитойлик ҳамкорлар билан қиймати 46 миллион доллар бўлган кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилди. Мазкур корхонада сульфат кислотаси ишлаб чиқарилади. Йиллик қуввати 200 минг тонна. Республикамизда бундай маҳсулот ишлаб чиқарувчи кўп эмас. Шундан маълумки, маҳсулот омборларда, расталарда туриб қолмайди.
Мутахассислар, ишбилармонлар ҳар қандай фаолият ривожида уч омил — тажрибали мутахассис, моддий-техник база ва муносиб меҳнат шароити муҳимлигини таъкидлашади. Шу жиҳатдан олганда, корхона жамоаси бундан хавотирланмаса ҳам бўлади. Чунки корхонада уларнинг барчаси мавжуд.
Айни пайтда тадбиркорлик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида вилоятда қурилиш саноати ҳам ривожланиб бораётганини эътироф этиш жоиз. Қисқа даврида ушбу йўналишда 458,6 миллион долларлик 535 та лойиҳа амалга оширилди. Яъни шу тармоқнинг ўзида йилига юздан зиёд лойиҳа амалга оширилди.
Бундан ташқари, Навоий вилоятининг хомашё заҳирасидан фойдаланган ҳолда жорий йилда Инвестиция дастури доирасида 171,1 миллион доллар қийматидаги 52 та лойиҳа бажарилади.
Навоий шаҳридаги эркин иқтисодий зонада фаолият юритаётган “Zarafshon golden group” корхонаси бино ва кўп қаватли тураржой учун темирбетон ва газобетон маҳсулотлари ишлаб чиқаришда етакчи тадбиркорлик субъекти ҳисобланади. Мазкур кўп тармоқли тадбиркорлик субъектига “Газобетон ва темирбетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш учун инвестиция мажбуриятларини бажариш шартлари билан жами 5,5 гектар ер майдони бино ва иншоотлари билан нол қийматда ажратиб берилганди. Айни пайтда корхонада темирбетоннинг 70 тури ишлаб чиқарилаётган бўлса, газобетон тайёрлаш ҳажми йилига 150 минг квадрат метрни ташкил этади. Ҳар икки лойиҳа учун Хитой, Россия, Италия, Испания ва Туркиядан замонавий технологиялар олиб келинган. Натижада 500 дан зиёд кишининг бандлиги таъминланди.
Тадбиркорлик ривожи ҳақида сўз борганда, тармоққа татбиқ этилаётган янгиликларни алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси — “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури вилоятдаги кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш ҳамда ишлаб чиқаришни самарали ташкил этишда қўшимча имкониятлар бермоқда. Чунки дастурда иштирок этадиган тадкбиркорларга солиқ, божхона тўловларида имтиёзлар тақдим этилиши уларнинг ушбу ташаббусга қизиқишини оширмоқда. Биргина Навоий шаҳри “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган 2 минг 200 киши ҳудудда фаолият юритувчи корхоналарга бириктирилиб, бандлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
— Бугунги кунда Навоий шаҳрида 6 мингдан зиёд тадбиркорлар фаолият юритаётган бўлса, ушбу дастур амалиётга киритилганидан кейин 200 дан ортиқ ишбилармонлар мурожаат қилишиб, ўз таклифларини билдиришди, — дейди шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ўткир Хақбердиев. — Айни пайтда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси орқали уларнинг аризалари қабул қилиниб, тегишли тартибда жараёнга киритилмоқда. Бу дастур тадбиркорни ҳам, оддий аҳолини ҳам қўллаб-қувватлашда муҳим восита бўлди.
Ҳақиқатан ҳам, Навоий шаҳрида “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастурида ихтиёрий иштирок этиш истагини билдирган тадбиркорлар сони кун сайин кўпаймоқда. Шу сабабли, масъуллар мунтазам равишда унинг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбирларини ташкил этишяпти.
Вилоятда тадбиркорлар қулай муҳит, яратилаётган имкониятлар ва берилаётган имтиёзлардан самарали фойдаланиб, юртимиз иқтисоди ривожига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқда. Муҳими, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва мавжуд муаммоларини ҳал этиш давлат эътиборида.
Ғолиб АБДУСАЛОМОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири