Куни кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор мажлиси мамлакатимиз тараққиёт стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан бири — инсон капиталини ривожлантириш, аниқроғи, таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар таҳлилига бағишланди.
Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълим тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жаҳоннинг етакчи давлатларида ўқитиш тизимини ривожлантириш биринчи галдаги вазифа сифатида белгилангани ҳам бежиз эмас. Зеро, мамлакатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан белгиланади.
Шу боис, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш, билим бериш сифатини ошириш, интеллектуал салоҳиятли, жисмоний баркамол авлодни камолга етказиш, аниқ фанларни чуқурлаштириб ўқитиш ва иқтисодиётнинг турли соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлаш устувор вазифалар сифатида белгиланган эди.
Ўтган даврда таълим тизими мутасаддилари юртимизнинг барча ҳудудида бўлиб, соҳа бўйича белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, ўғил-қизларнинг сифатли таълим олиб, ватанпарвар, комил инсон сифатида тарбияланиши учун яратилган шарт-шароитлар, бажарилаётган ишларни аниқ рақамлар асосида ўрганди.
Сўнгги пайтларда ўқувчиларга берилаётган таълим сифати, ўқитувчиларнинг салоҳияти ва олийгоҳларга кириш кўрсаткичи бўйича баъзи ҳудудларда ижобий ўзгариш яққол сезиляпти. Бироқ шундай бўлса-да, бугун ҳам мамлакатимиздаги 852 та мактаб мазкур кўрсаткичлар бўйича ортда қолмоқда.
Умумтаълим мактабларида ўтган ўн йилликлардан мерос бўлиб қолган муаммо — ўқув ўринлари етишмаслиги туфайли дарслар бир неча сменада олиб бориляпти. Бу ҳолатни қадам-бақадам қисқартириш бўйича ҳудудларда қилинаётган ишлар юзасидан ҳокимлар берган маълумот муаммо тез ва буткул ҳал этилишига кишини ишонтиради.
Йиғилишда бу масала, айниқса, аҳоли зич яшайдиган ёки марказдан олис ҳудудларда бартараф этилиши зарурлиги адолат нуқтаи назаридан ҳам, жойлардаги ноёб иқтидорли ёшларни рўёбга чиқариш жиҳатидан ҳам муҳимлиги тушунтирилди. Жумладан, Хоразмдаги иқтидорли ўқувчиларнинг халқаро рейтингларда юқори натижа қайд этиб, қатор хорижий университетлар грантига сазовор бўлгани ҳақида келтирилган мисол ҳар бир юртдошимиз қалбида ғурур ва ифтихор уйғотади.
Фарзандларимизнинг бундай чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлишида барча вилоятларда замонавий талаблар асосида қурилган ҳамда зарур ўқув жиҳозлари ва техникавий воситалар билан таъминланган Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасаларининг ўрни катта. Галдаги вазифа ушбу мактабларда тўпланган илғор тажриба ва ўқув методикасини мамлакатимиздаги 10 мингдан ортиқ мактабга татбиқ этишдан иборат.
Бундан ташқари, юртимизнинг барча туманларида табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган 195 та янги мактаб очилиши иқтидор эгаларига, қаерда яшашидан қатъи назар, сифатли билим олиш учун тенг имконият тақдим этади. Айнан шу эътибор миллий ғояга айланган Учинчи Ренессанснинг мактабдан бошланишига яна бир ишончли далилдир.
Давлатимиз раҳбари янги мактаблар қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш давлат олдида турган оғир бўлсада, аниқ ва тўлиқ бажариладиган вазифалигини, лекин ўқитишнинг янги, замонавий методикасини яратиш ва ўзлаштириш, барча ўқитувчининг бу методикани мукаммал билишига эришиш яна бир ўта муҳим, тизим ва ҳудудлар мутасаддилари доимий ўйлаши керак бўлган масала эканини таъкидлади.
Таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиб, халқаро миқёсга олиб чиқиш учун бажарилиши зарур бўлган бундай ишларга давлат томонидан 100 миллион доллар қўшимча маблағ мақсадли ажратилиши маълум қилинди.
Замонавий таълим жараёнида ахборот технологияларининг аҳамиятини хисобга олиб, мамлакатимиздаги ҳар бир мактабни юқори тезликдаги интернет тармоғи билан таъминлаш, 100 МБ/c.гача тезликда ахборот алмашинуви имкониятини яратиш ўқувчиларнинг ахборот технологиялари ва дастурлаштириш асосларини самарали ўрганишига, шунингдек, ўқитувчиларнинг хорижлик ҳамкорлар билан янги педагогик методикаларни амалиётда кенг қўллашга хизмат қилади.
Эътиборлиси, баъзи вилоят ҳокимлари ташаббуси билан тадбиркорлар, кластер раҳбарлари илғор хорижий тажрибани бевосита қўллаш мақсадида ривожланган мамлакатлар, хусусан, Финляндия ва Корея Республикасидан кўп йиллик педагогик тажрибага эга ўқитувчиларни ҳудудлардаги мактабларда дарс беришга таклиф этиш учун ўз ҳисобидан маблағ ажратмоқда.
Мактабларни янги ускуналар билан жиҳозлашга давлат бюджетидан йўналтириладиган 200 миллиард сўмга қўшимча равишда маҳаллий бюджетлардан яна шунча миқдорда маблағ ажратилгани таълим тизимини ривожлантириш юртимизда умуммиллий вазифага айланганининг ёрқин ифодасидир.
Йиғилишда кўтарилган долзарб масалалардан яна бири шуки, ҳудудлардаги Малака ошириш маркази негизида педагогларни янги методикаларга ўргатувчи Миллий таълим маркази ташкил этилади. Уларга аниқ ва табиий фанлар бўйича хорижлик энг малакали мутахассислар жалб қилинади. Энг асосийси, ҳар бир вилоятда тренерлар гуруҳи шакллантирилиб, жойларда мактаб ўқитувчиларининг малакасини ошириш билан шуғулланади.
Мажлисда алоҳида урғу берилган яна бир масала маънавий-маърифий тарбия ишларини янада ривожлантиришдир. Ўқувчиларни нафақат салоҳиятли, чуқур билим соҳиби этиб камолга етказиш, балки ватанпарвар, ўз юрти ва тарихини севувчи, комил инсон қилиб тарбиялаш ҳам бирдек муҳим ва долзарб аҳамиятга эга. Бу вазифани самарали бажариш учун ўқитувчилар болалар, отаоналар, жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлаши зарур.
Бу йўналишда Халқ таълими вазирлигининг барча масъул давлат органлари, мутахассислар ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликдаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Зеро, навқирон авлодга чуқур билим бериш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, мустақил фикрига эга, турли ёт ғояларга қарши кураша оладиган, фидойи инсонлар этиб тарбиялаш юртимиздаги ислоҳотларнинг асосий мазмунмоҳиятини ташкил қилади.
Қисқа қилиб айтганда, Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар фарзандларимизнинг ҳамма соҳада етук, чуқур билим ва тафаккурга эга, салоҳиятли инсонлар бўлиб камолга етишига пухта замин бўлиб хизмат қилади. Бу имкониятлар Ўзбекистон таълим тизимини ривожланган давлатлардаги ўқитиш андозаларини ҳисобга олиб йўлга қўйишни ва шу аснода юртимиз иқтисодиётини ривожланган мамлакатлар иқтисодиёти даражасига кўтаришда мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, халқимиз мактабга энг катта бойлигини — зурриёдини ишониб топшираётган экан, бу бойликни авайлабасраш, қийматини янада ошириш учун ўғил-қизларимизга чуқур, замонавий таълим бериш ва ҳар томонлама тарбиялаш умуммиллий вазифа бўлиб қолаверади.