Шу йил 18 март куни Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими вакиллари билан очиқ мулоқоти тиббиётимизга, шу орқали халқимиз саломатлиги ва миллатимиз генофондини мустаҳкамлашга қаратилган юксак эътибор намунаси бўлди.

Сўнгги йилларда биргина Самарқанд вилояти мисолида тиббиёт соҳасида салмоқли ишлар бажарилди. Давлатимиз раҳбари ҳар гал вилоятга ташриф буюрганида, албатта, аҳоли саломатлиги хусусида тўхталиб, муайян топшириқ ва тавсиялар беради. Ана шу эътибор натижасида Самарқандда ўтган йилнинг ўзида 6 та оилавий шифокорлик пункти, 5 та оилавий поликлиника очилди. Бу йил яна 7 та оилавий шифокорлик пункти, 4 та оилавий поликлиника очиш режалаштирилган. Бирламчи тиббий-санитария муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, 43 та оилавий поликлиника ЭКГ ва УТТ аппарати билан жиҳозланди.

Аҳоли 66 турдаги дори-дармон билан бепул таъминланмоқда. Қўшработ, Нуробод, Каттақўрғон туманларидаги оилавий шифокорлик пунктларини мутахассислар билан таъминлаш мақсадида “Қишлоқ шифокори” дастури асосида 10 нафар шифокор ишга қабул қилинди. Улар уйжой ва бир марталик 30 миллион сўмлик моддий рағбат билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбари чет элдаги ўзбек шифокорларини юртимизга қайтариш зарурлигини бир неча марта таъкидлаган эди. Чунки бу тиббиётимиз ривожига улкан ижобий таъсир кўрсатарди. Ҳозир республика ихтисослаштирилган 12 та тиббиёт марказининг филиаллари аҳолига хизмат кўрсатяпти. Хорижда ишлаб, тажриба орттириб қайтган етук малакали 36 нафар шифокор юртдошимиз мазкур филиалларда ишламоқда. Фақат Тошкентда ўтказиладиган 350 турдаги жарроҳлик амалиётининг 318 тури вилоят даволаш-профилактика муассасаларида қўлланяпти. Бу ҳам аҳоли саломатлиги йўлидаги ажойиб қулайлик бўлиб, энди юртдошларимиз даволаниш учун узоққа бориб, сарсон бўлмайди.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда замонавий жиҳозларнинг ўрни катта. Ўтган йили вилоятдаги кардиология марказига 48 турдаги замонавий тиббий жиҳозлар ўрнатилди ҳамда 19 нафар хорижда фаолият олиб борган ватандошимиз ишга олинди. Бу янгиланиш ҳам тезда ўз самарасини берди. 2021 йилнинг ўзида марказда 3 мингдан ортиқ беморда очиқ, 6 мингдан зиёд беморнинг юрагида ёпиқ турдаги мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Очиқ усулдаги юрак жарроҳлиги амалиётининг мингдан ортиғи болаларда бажарилгани тиббиётимиздаги ижобий силжишдан дарак беради.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида академик В.Воҳидов номидаги Республика хирургия маркази филиали очилганидан сўнг Самарқандда илк бор 10 нафар беморда буйрак транс плантацияси амалиёти муваффақиятли ўтказилди. Буйрак етишмовчилигидан кўп йиллар азият чекиб юрган хасталарга қулайлик яратилди. Жумладан, гемодиализ муассасаси сони биттадан бештага етказилди. Шундан иккитаси Каттақўрғон шаҳри ва Ургут туманида жойлашган. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сунъий буйрак бўлими очилиб, ҳозир 120 нафар беморда гемодиализ сеанслари ўтказилмоқда. Бу бўлим вилоят аҳолисидан ташқари, Қашқадарё, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларидан келадиган беморларга ҳам тиббий хизмат кўрсатяпти.

Президентимиз ҳар сафар ҳудудларга борганида, албатта, тиббиёт масканларига киришга, шифокорлар билан учрашиб, аҳолига зарур шароит яратиб бериш бўйича кўрсатмалар беради. Мана шу топшириқлар ижросини амалда кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Биргина Самарқанд вилояти онкология диспансерида узоқ йиллар нур терапияси билан даволашнинг имкони бўлмаган. Беморлар даволаниш учун Тошкент шаҳрига, бошқа вилоятларга боришга мажбур эди. Мазкур марказга 2 миллион евролик ички ва ташқи нур терапияси аппаратлари келтириб ўрнатилганидан кейин беморлар оворагарчилиги барҳам топди. Аҳолининг даволаниш учун вилоятдан узоққа боришига эҳтиёж қолмади.

Ургут ва Пахтачи туманларида эса бу йил туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказлари ташкил этилди. Иштихон ва Булунғур туманларида ҳам худди шундай марказларни очиш режалаштирилган. 

Ирсий касалликларнинг олдини олиш, вилоятда ногирон болалар туғилишини камайтириш мақсадида Каттақўрғон шаҳри тиббиёт бирлашмасида “Она ва бола” скрининг марказининг ҳудудий филиали иш бошлади. Керакли ускуналар билан таъминланди. Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Пастдарғом, Пайариқ, Ургут туманлари тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Тез тиббий ёрдам сифатини ошириш, ўз вақтида шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ҳам сезиларли ўзгаришларни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Ҳозир вилоят тез тиббий ёрдам хизматига кунига ўртача 3200-3600 та чақирув тушмоқда. Чақирилган жойларга дарҳол етиб бориш, тез тиббий ёрдам сифатини таъминлаш мақсадида автомашиналар сони 3 баробар оширилиб, 135 тадан 394 тага етказилди. Дори-дармон ва тиббий буюмларга ажратиладиган маблағ 12, ҳар бир чақириққа сарфланадиган пул миқдори 6 баробар кўпайтирилди.

Шунингдек, аҳолига амбулатор ва ихтисослаштирилган стационар ёрдам кўрсатувчи хусусий тиббиёт муассасалари сони ўтган йилгига нисбатан 60 та кўпайиб, 612 тага етди. Аҳолининг тиббий хизматдан муаммосиз фойдаланиши ва рози бўлиши йўлидаги бундай ижобий ўзгаришлар учун бор ақл ва кучимизни аямаймиз.