Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг барча соҳалардаги имкониятларини янада кенгайтириш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳанинг ҳуқуқий асосини белгилаган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам шу мақсадга қаратилган. Унинг Наманган вилоятида ижро этиш ҳолатини ўрганиш натижалари бу йўналишда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган қатор камчиликлар ҳам борлигини кўрсатди.
Хусусан, Наманган вилоятида хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, ногиронлиги бўлганларга манзилли ёрдам кўрсатиш, айниқса аёлларнинг маълум бир тоифаси билан якка тартибда ишлаш бўйича алоҳида тизим жорий этилган.
Хотин-қизларнинг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштирокини кенгайтириш мақсадида 2019 – 2020 йилларда 1 583 нафар аёл раҳбарлик лавозимларига тайинланган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан 745 нафарга (47,1 %) кўпайган.
Вилоятдаги жами 1 млн. 747 минг (55 фоиз) нафар меҳнатга лаёқатли аҳолининг 850,4 мингини (55 фоизи) хотин-қизлар ташкил қилади. Таҳлил натижаларига кўра, бошқарув тизимида ишлаётган хотин-қизлар 8,8 минг нафарни, техник ходим аёллар 56 минг нафарни ташкил қилиб, умумий банд ходимларга нисбатан ишловчи хотин-қизлар улуши 55 фоизни, шундан бошқарувда 33 фоизни ташкил қилади.

Вилоятда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагида бўлган 5 828 нафар хотин-қиз мавжуд бўлиб, мутасадди тузилмалар томонидан уларга ўз ишини йўлга қўйишда ёрдам кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, 4 140 нафар хотин-қиз ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этилган, 850 нафар хотин-қизга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилган, ўзини-ўзи банд қилган 2 145 нафар хотин-қизга меҳнат дафтарчалари берилган.
Жорий йилда 15 010 нафар фуқаронинг иш билан бандлиги таъминланиб, йўналишлар кесимида 8 773 нафар хотин-қиз корхона, ташкилот
ва муассасаларга доимий иш ўринларига жойлаштирилган.
Маҳаллаларда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида ҳам қатор ишлар амалга оширилган.
Жумладан, жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида 752 нафар моддий ёрдамга муҳтож, 139 нафар ёлғиз, 276 нафар ногирон, 405 нафар тиббий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга кўмак кўрсатилган.
Мажлисда таъкидланганидек, амалга оширилган ишлар билан бирга, Қонун ижросини таъминлаш борасида айрим камчиликлар аниқланди.
Жумладан, хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги фаолияти ўрганилганда халқ таълими соҳасида аёллар ва эркаклар учун тенг имкониятларни таъминлаш борасида номутаносибликлар яққол кўзга ташланган.
Бундан ташқари, хотин-қизларнинг қарор қабул қилишдаги ўрнини кучайтириш, вилоятнинг бошқарув органларида аёлларнинг сонини ошириш, тармоқларда кадрлар захирасини яратиш бўйича кўрсатмалар берилган бўлса-да, Норин, Янгиқўрғон, Уйчи туманларида хотин-қизлар заҳираси белгиланган тартибда ташкил этилмаган.
Йиғилишда шу ва бошқа камчиликлар атрофлича муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Кўриб чиқилган масала юзасидан Қўмита қарори қабул қилинди.