«Ҳар бир мажлиснинг ҳам ўзига яраша харажат эканлигини куйиниб гапирганларини ушбу қисқа видео тасвирда кўришимиз мумкин. Лекин, бу топшириқни охиригача тушунмай, ҳали ҳам баъзи раҳбарлар қанча кўп мажлис ўтказиб, топшириқ берса, шунча яхши ишлаётган бўлади деган нотўғри тушунчага эга бўлиб қолаётгани ачинарли ҳол. Айниқса, кечроқ ёки дам олиш куни мажлис ўтказса, жуда фидоий ишлаётгандек бўлса керак.
Президентимизнинг бу топшириқларини барча бўғин раҳбарлари ижросини тўғри таъминлашса, кўзланган мақсадга эришиш тезроқ бўларди. Ҳамманинг асосий фаолияти бўйича бажариши керак бўлган вазифалари бор (KPI). Шу сабабли, қайси соҳанинг биринчи раҳбари, ўринбосарлари, ҳудудий бошқарма ва бўлим раҳбарларининг вақтини қанча кўп мажлислар ва қоғоздаги фойдасиз топшириқлар билан кўмиб ташланса, шунча ўша соҳа орқада қолиб кетаверади... Мактабларни ҳам турли хил тадбирлар ва мажлислар билан кўмиб ташлаш бўйича ташаббускорлар кундан-кун ортиб бормоқда, бу эса мактаб жамоаси ва ўқувчиларнинг ҳам асосий ишидан чалғитишга сабаб бўлмоқда...
Иқтисодиёт фанида биринчи навбатда ресурсларнинг чегаралангани ўргатилади. Шу жумладан, давлат хизматидаги инсон ресурслари ҳам чегараланган. Уларнинг вақтини самарасиз мажлисга ёки қоғозга кўмишдан фойда йўқ. Хўжакўрсинга кечаси ёки дам олиш куни мажлис қилиб кўп ишлагандек кўриниш эмас, ақл билан ишлаб, таҳлил қилиб, тизимли муаммоларни ечишга ҳаракат қилинса, келгусида каттароқ муаммоларни олдини олишга имконият бўлади», дейди вазир.