Унинг сўзларига кўра, вазирликнинг Ички аудити аниқланаётган ҳолатларни ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этади, улар тегишли суриштирув ишларидан кейин эълон қилинади.
“Бу масала юзасидан фикримиз жуда ҳам кескин. Халқ таълими тизимида иш ҳақи фонди 17 триллион сўмни ташкил қилади, агар тизимда 1 фоиз камомад аниқланса ҳам бу 170 млрд сўм маблағ бўлади. ОАВда камомадлар тўғрисида чиқаётган маълумотларнинг асоси ўзимизнинг вазирлик меҳнати натижаси саналади. Бу нарса Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳам, Сенатда ҳам муҳокама қилинган.
Биз шу йилнинг январь-февраль ойларида Халқ таълими вазирлигининг ички аудит хизмати ва Ҳисоб палатаси ҳамкорликда ўрганиш ишларини олиб бордик, ҳозир ҳам бу ишларни давом эттиряпмиз. Йил якунида ушбу соҳада қилинган ишлар бўйича сарҳисоб тарзида оммавий ахборот воситалари орқали алоҳида маълумот беришни режалаштирганмиз. Қандай камчиликлар аниқладик, қанча камомад топдик, қаерда хатоликларга йўл қўйилган.
Мисол учун, биргина Андижон шаҳрида ишламайдиган одамларга 5 млрд. сўмдан ортиқ ойлик ёки мукофот пулларини расмийлаштириш натижасида давлат бюджетига зарар келтирилган ҳолатларни аниқлаганмиз. Худди шу каби Зарбдор туманида ҳам 7 млрд сўмдан ортиқ камчиликлар аниқланди ва ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди. Бунга 2019 йилда ички аудит хизматини кучайтиришга берилган асосий эътибор сабаб бўлмоқда. Ички аудитни кучайтирганимиздан кейин уни Марказий аппаратга олиб, фақат вазирликка бўйсунадиган қилдик ва Молия вазирлигидан молиявий инструментларни олиб, айнан хавф таҳлиллари асосида оғриқли ҳар бир нуқтага бориб, камчиликларни аниқлаяпмиз. Бу бўйича қилаётган ишларимиз муросасиз, албатта чоралар кўрилади.
Йиллар давомида бюджет тизимида иш ҳақининг тақсимланиши, сарфланиши ҳисоботи тўлиқ автоматлаштирилмаган, биз бу ишларни босқичма-босқич амалга оширяпмиз, яъни тарификация ҳисоби бўладими, малакаси бўйича тўғри тақсимланиши бўладими, автоматлаштиришни бошладик. Бундан ташқари, халқ таълими тизимининг бошқарув электрон дастурни яратиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Кейинги ўқув йилидан уни албатта амалиётга жорий қилиш бўйича ҳаракат қиламиз.
Вазирликнинг Ички аудити ўзимиз томондан аниқланаётган ҳолатларни ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этиб, улар юзасидан ҳолатлар ҳуқуқ-тартибот органларининг суриштирув ишларидан кейин эълон қилинади", - деди вазир ўринбосари.
Аввалроқ, халқ таълими вазири Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда халқ таълими соҳасида жами 192,3 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланиб, ушбу кўрсаткич 2018-2019 йилларда Давлат бюджетидан тизимга ажратилган жами 30,5 трлн. сўм (шундан, 2018 йилда 12 трлн. сўм ва 2019 йилда 18,5 трлн. сўм) маблағларга нисбатан 0,63 фоизни ташкил этганлигини маълум қилган эди.
Вазир аниқланган молиявий хато ва камчиликларнинг 52,5 млрд. сўми иш ҳақидан ўғирлик, ноқонуний ўзлаштириш ва ортиқча тўловларга тўғри келиб, мазкур йилларда иш ҳақи билан боғлиқ харажатларга ажратилган жами 28,1 трлн. сўмга (шундан, 2018 йилда 10,9 трлн. сўм ва 2019 йилда 17,1 трлн. сўм) нисбатан 0,19 фоизни ташкил этганини таъкидлаб ўтган эди.