Ўзбекистонда сўнгги йилларда жамият ҳаётини ижобий томонга ўзгартира олган ташаббуслар ҳақидаги фикрларни ўрганиш мақсадида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан экспертлик сўрови ўтказилди. Давлат хизматлари тизимини ривожлантириш, уларнинг сифати ва самарадорлигини босқичма-босқич ошириш ташаббуси ТОП-10 талигидан ўрин олди. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки давлат хизматларини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилибгина қолмасдан, жамиятда мавжуд бўлган бир қатор иллат ва нуқсонларни, турли чигалликлар, тушунмовчиликлар, сансалорликларни бартараф қилишда ҳам муҳим аҳамият касб этди.
Шу маънода айтганда, давлат хизматлари марказлари ташкил этилгунига қадар бўлган даврни кўпчилик яхши эслайди. Яъни, бирор-бир идорадан оддийгина маълумотнома олиш учун ҳам баъзан кун бўйи кутишга тўғри келарди. Барчаси биринчи навбатда инсон омилига боғлиқ бўлгани учун аввал маълумотномани ёзиб берадиган, кейин эса унга имзо ва муҳр қўйиб тасдиқлайдиган кишиларнинг вақти билан ҳисоблашишга мажбур эдик. Фуқаролар лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш учун ойлаб, баъзида йиллаб кутишга, ҳали у ҳали бу идоранинг эшигида сарғайишга мажбур бўлишган. Ана шундай сансоларликлардан безган кишиларнинг баъзи муаммолари йиллар давомида ҳал бўлмасдан қолаверган, чигалликлардан чарчаган айрим тадбиркорларнинг истиқболли бизнес лойиҳалари “туғилмасидан туриб бўғилган”. Вақтнинг чўзилаверишидан, “онангга бор, отангга бор” қабилида иш юритишдан тамагирлик ва рози қилиб, ишни енг ичида битириш каби иллатлар учраб турарди.
Бу каби иллатларнинг, бюрократиянинг олдини олиш, фуқароларнинг давлат органларига ишончини мустаҳкамлаш мақсадида давлат хизматлари тизимини ривожлантириш, уларнинг сифати ва самарадорлигини босқичма-босқич ошириш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур ташаббус туфайли Давлат хизматлари марказлари фуқаролар тезкорлик, қулайлик ва сифат тамойилларига асосланган энг зарур давлат хизматларини олиши мумкин бўлган ягона жойга айланиб улгурди. Бугунги кунда Давлат хизматлари марказлари орқали 170 турдаги давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Улардан фойдаланиш учун энди кимнингдир қош-қовоғига қараб иш тутилмайди.
Масалан, биргина Қашқадарё вилоятидаги Давлат хизматлари марказлари орқали жорий йилнинг январь-август ойларида 471 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Бундан 5-6 йил илгари бу кўрсаткичнинг ўндан бирига ҳам эришиш амримаҳол эди. Давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш ўз-ўзидан аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш имконини бермоқда.
Вилоятдаги марказлар томонидан сайёр давлат хизматлари кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дам олиш кунлари давлат хизматлари марказлари ходимлари махсус техника билан жиҳозланган транспорт орқали бориш қийин бўлган чекка ва тоғли ҳудудда яшовчи аҳоли учун сайёр хизматларни кўрсатади. Шу кунгача мақбул, қулай ва шаффоф услублардан фойдаланган ҳолда 6 мингга яқин сайёр хизматлар кўрсатилди.
Туман марказидан узоқда жойлашган ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг 21 та филиали фаолияти йўлга қўйилди, улар орқали кўрсатилган хизматлар сони ҳозиргача 13 мингдан ошди.
Хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида вилоятда давлат хизматлари марказларининг 14 та инновацион бинолари барпо этилди, Муборак туманида 1 та шундай бинонинг қурилиш ва таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда. Фойдаланишга топширилган марказлар бинолари зарур мебель ва оргтехника жиҳозлари билан таъминланган.
Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкларда онлайн ҳисобрақамлар очиш имконияти яратилди.
Давлат хизмати учун тўлов қилишдаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида 15 та марказда pay.davxizmat.uz электрон тўлов тизими орқали нақд пул қабул қилиш механизми жорий этилди.
Марказларда сифатли ва самарали хизматни ташкил этиш мақсадида ходимлар малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган давр давомида вилоятдаги давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ органлари ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш мақсадида Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ўқув дастури тасдиқланиб, 150 нафарга яқин ходимлар малакаси оширилиши таъминланди.
Амалга оширилаётган бу каби ишлар марказлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада оширишга, аҳолининг ҳам вақтини ҳам нақдини иқтисод қилишга имкон бермоқда. Ҳеч шубҳасиз, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган бундай ислоҳотлар бугун янги Ўзбекистоннинг янги қиёфасини шакллантиришга хизмат қилади. Давлат хизматлари марказлари эса бунда халқ ва давлат идоралари ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини бажаради.
Санжар ЧУЛИЕВ,
Давлат хизматлари агентлиги Қашқадарё вилоят
бошқарма бошлиғи ўринбосари