Халқаро ишлар ва парламентлароаро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари Қ. Жўраев меҳмонларни юртимизга ташрифи билан самимий қутлаб, мазкур учрашув икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичида муҳим ўрин тутиши, айниқса, парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, 2016 йил 4 декабрдаги Президент сайловидан сўнг ўтган беш йил мобайнида халқимиз, мамлакатимиз ҳаётида, жамиятимизда, миллий сайлов қонунчилигида бўлган улкан ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва сайлов қонунчилигига сайлов жараёнини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш бўйича ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилгани, парламент ва сиёсий партиялар ўрнининг қонуний жиҳатдан кучайтирилгани таъкидлаб ўтилди.
Ўз навбатида, О.Местен сайловнинг конституциявий қоидалар ва халқаро сайлов стандартларига мувофиқ Сайлов кодекси асосида ўтганлигини қайд этди.
Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон-Туркия муносабатлари икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик шаклида сезиларли даражада ривожланиб бораётгани, Олий ва юқори даражадаги хусусан, парламентлар, вазирликлар ва идоралар, шунингдек минтақалар ўртасидаги алоқалар сезиларли даражада жонланиб, мунтазамлик касб этиб бораётгани таъкидланди.
«Ўзбекистон-Туркия» парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи фаолияти ва унинг доирасида амалга оширилаётган қатор ижобий ишлар икки давлат ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги муносабатларни янги босқичга кўтаришда парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг аҳамияти катта эканлиги қайд этилди.
Мулоқот чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришда парламентлараро алоқаларни янада чуқурлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Зотан, айнан парламентлараро алоқалар икки томонлама ҳамкорликни барча соҳаларда янада кенгайтириш учун халқаро шартномаларни тезкор равишда ратификация қилишда муҳим роль ўйнайди.
Учрашув давомида ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда томонлар ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорликни ҳар томонлама давом эттиришга келишиб олдилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.