Мазкур тадбир Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси, Хэбэй провинцияси, Маданият ва туризм департаменти ҳамда Халқаро Ипак йўли маданият алмашинув маркази томонидан ташкил этилди.
Фестивалда провинция раҳбарияти, вазирлик ва идоралар вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, маҳаллий аҳоли ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Махсус ташкил этилган стендда ўзбек халқининг бой маданияти, урф-одатлари, миллий анъана ва қадриятларини ўзида мужассам этган миллий ҳунармандчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари намойиш этилди.
Тадбир давомида иштирокчилар эътиборига, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеолавҳалар ва тарғибот материаллари тақдим этилди.
Ланфан шаҳридаги Халқаро Ипак йўли маданият алмашинув маркази президенти ва бадиий раҳбари Клаудия Ян:
- Ўзбекистоннинг бой маданиятини намойиш этишга бағишлаб Хитойнинг турли шаҳарларида ўтказилаётган тадбирларда қатнашаётганимдан жуда хурсандман.
Бизнинг Халқаро Ипак йўли маданият алмашинув марказимиз Ўзбекистон элчихонаси билан ҳамкорликда мамлакатингизга бағишланган стенд ташкил қилди. Бу ерга ташриф буюрувчи меҳмонлар юртингизда қўлда ишланган нафис ҳунармандчилик ва тўқимачилик маҳсулотларини кўриш имконига эга бўлдилар.
Ўзбек маҳсулотлари меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, қўлда тикилган сўзана матолари иштирокчилар эътиборини ўзига тортди. Айтиш керакки, Ўзбекистон ўз маданияти, санъати ва анъаналарини яхши сақлаб келмоқда. Бундай кўргазмаларнинг ўтказилиши Ўзбекистонни янада яқиндан таниш имконини беради.
Мен ўзим ҳам кўп йиллардан бери санъат соҳасида фаолият юритиб келаман. Пианино чалишни жуда яхши кўраман. Албатта, келгусида ўзбек мусиқасини ўрганиш ва уларни ижро этишни мақсад қилганман.