Мазкур тадбирнинг айнан Бухоро вилоятида ўтказилаётгани воҳа ёшларига Мустақилликнинг 30 йиллик шодиёнаси арафасидаги ажойиб туҳфа десак муболаға бўлмайди.

Республикамиз ва дунё тарихида илк бор Бухоро вилоятида ташкил этилаётган мазкур форумда парламент аъзолари, нуфузли халқаро ва парламентлараро ташкилотлар, ёшлар парламентлари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат идоралари вакиллари иштирок этиши кўзда тутилган.

Шунингдек, Европа парламенти, Канада, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Испания, Латвия, Болгария, Корея Республикаси, Хитой, Япония, Индонезия, Малайзия, Таиланд, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан спикерлар иштирок этади.

Хусусан, мамлакатимизга илк бор ташриф буюраётган Парламентлараро иттифоқ Бош котибининг форумда иштирок этиш истагини билдиргани ҳам тадбирнинг нақадар юқори аҳамият касб этишини билиш мумкин.

Ушбу нуфузли форум аввалида Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказида ёшлар иштирокида акция ташкил этилди.

Унда икки кунлик тиғиз тақвимга эга расмий тадбирнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти хусусида сўз борди. Акцияда Бухоро вилояти ҳокими, Олий Мажлиси Сенати аъзоси Ботир Зарипов сўзга чиқиб, вилоят меҳмонлари, барча йиғилганларни ана шундай халқаро аҳамиятга эга форум билан самимий табриклади.

Ўтказилаётган акция воситасида 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларининг муҳим стратегик мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш, бу борада олиб борилаётган ишларда эртамиз эгаларининг янада фаол бўлишларига ишонч билдирилди.

Жумладан, Бухоро ёшлари ҳам давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳар соҳада фаол ва ташаббускор бўлиб, юртимизнинг турли жабҳаларида кечаётган ислоҳотларга ўз дахлдорлик ҳисси ва теран тафаккури билан ёндашишлари ҳам қарз, ҳам фарз эканлиги алоҳида таъкидланди.

Бу борада эса ўз уйи, маҳалласи, юртини обод қилиш дарду ташвишида бўлган фарзандларимизга ўз имконият ва истеъдодларини намоён этишлари учун барча шарт-шароит яратиб берилиши давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши эканлиги эътироф этилди.

Форум олдидан ташкил этилган ёшлар акциясида республика Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшан Алимов ва бошқа мутасаддилар ҳам иштирок этдилар.

Акция давомида ёшлар учун ажойиб куй-қўшиқлар, савол-жавоблар ташкил этилди. Фаол ёшларга ўзбек ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари совға қилинди.