Халқаро фуқаро мудофааси ташкилоти ҳукуматлараро тузилма бўлиб, унинг ташкил топганига жорий йил октябрь ойида 90 йил тўлди. Ташкилот давлатларга аҳолини табиий ва антропоген офатлардан ҳимоя қилиш ва ёрдам кўрсатиш, шунингдек, мол-мулк ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича тузилмаларни яратишда кўмаклашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ушбу тузилмалар одатда фуқаро ҳимояси, фуқаро мудофааси, фуқаро хавфсизлиги номлари билан таниш бўлиб, уларнинг барчаси фавқулодда вазиятларни бошқариш билан шуғулланади.
Ташкилот бош қароргоҳи Женевада жойлашган. Ўзбекистон 2014 йилдан буён ушбу ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
Учрашув чоғида Ўзбекистон ва ХФМТ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг устувор масалалари муҳокама қилинди.
Бош котиб ташкилот Ўзбекистонни тўлақонли аъзо давлатлар сафида кўришдан манфаатдор. Унинг сўзларига кўра, бу фуқаро муҳофазаси, авариялар, фалокатлар ва табиий офатлар натижасида юзага келадиган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасида тажриба алмашишни йўлга қўйиш имкониятини беради.
«Махсус табиий-иқлим шароитида фаолият юритадиган ўзбекистонлик қутқарувчиларнинг касб маҳорати ва тажрибаси ХФМТга аъзо ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам фойдали бўлади», - деди у.
Мариату Нжупуо Яп жорий йил 12-16 ноябрь кунлари Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан ташкил этилаётган Ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар халқаро спорт федерациясининг 22-конференциясида қатнашиш учун Тошкентга келади.