Маълумки, республикамизда охирги йилларда жисмоний тарбия ва спорт, хусусан, футболни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турига айлантириш, бу борада, умумтаълим мактаблари, маҳалла ва ташкилотларда футбол бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган.

Жамиятда соғлом турмуш тарзининг афзалликларни кенг тарғиб қилиш, аҳолининг барча қатламларини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш мақсадида Халқ дипломатияси маркази томонидан спорт дипломатиясини ривожлантириш лойиҳалари доирасида турли тадбирлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Пахтакор” спорт мажмуаси майдончаларида жорий йилнинг 16 декабрь куни Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази Ўзбекистон Футбол ассоциацияси билан ҳамкорликда Тошкентдаги туманлараро умумий ўрта таълим мактаблари жамоалари ўртасида футбол бўйича ШҲТ Халқ дипломатияси маркази кубоги (U-14) мусобақасини ташкил этди.

Мазкур мусобақада Тошкент шаҳрининг 12 та туманидан 14 ёшдан ошмаган ўқувчилардан иборат жамоалар қатнашди.

Биринчи ўринни эгаллаган Миробод тумани жамоасига асосий соврин, иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган Яшнобод ва Сергели туманлари жамоаларига диплом ва медаллар топширилди.

Шунингдек, "Энг яхши ўйинчи", "Энг яхши тўпурар", "Энг яхши дарвозабон" номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланди.