17 ноябрь – Халқаро истеъмолчилар ташкилоти тузилган кунда дунёнинг 100 дан ошиқ мамлакатидан 200 дан ошиқ унга аъзо истеъмолчилар ташкилоти учун алоҳида вебинар (виртуал семинар) ўтказилди. Вебинарда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳам иштирок этди.
Consumers International президенти Маримуту Надасон, вице-президенти Гилли Вонг ва бош директори Ҳелена Лоран барча истеъмолчиларни ушбу 60 йиллик юбилей билан қутлади.
Вебинарда халқаро ташкилот ва умуман истеъмолчилар ҳаракати босиб ўтган машаққатли йўл ҳамда бутун дунёдаги истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда эришилган муваффақиятлар баробарида келажакка назар ташлаш, хусусан, 2030 йилгача бўлган даврда истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Маърузачилар 2020 йил бутун дунё учун жуда оғир келганини, COVID-19 пандемияси шароитида истеъмолчилар ташкилотлари асосий шериклари ва глобал етакчилар билан бирга унинг оқибатларини бартараф этиш ҳамда хавфсиз, адолатли ва барқарор дунё барпо этиш йўлида қўлни-қўлга бериб меҳнат қилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Бугунги глобал миқёсда электрон тижорат ва онлайн хизмат кўрсатиш кескин ўсиб бораётган шароитда халқаро стандартларни ишлаб чиқиб, бу соҳадаги муаммоларга қарши курашиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Қайд этилишича, шу кунгача дунёнинг 40 фоиз мамлакатларида электрон тижоратни тартибга солиш борасида қонунлар қабул қилинмаган – ҳуқуқий база яратилмаган. Бинобарин, халқаро ташкилотлар, дунё мамлакатлари ҳукуматлари ва истеъмолчилар ташкилотлари олдида истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш орқали ҳимоя қилиш йўлида жуда кўп вазифалар турибди.
Музокаралар чоғида сўзга чиққан федерация раиси Ж. Саримсоқов Халқаро истеъмолчилар ташкилоти раҳбарияти ва вебинарнинг бошқа иштирокчиларини Consumers International ташкил этилганининг 60 йиллиги билан қутлар экан, улар эътиборини бугунги кунда истеъмолчилар ташкилотлари олдида турган яна бир долзарб муаммо – сайёҳларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласига қаратди.
− Дунё бўйича сайёҳлар оқими йилдан-йилга ортиб бораётгани истеъмолчилар ташкилотлари олдига улар ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш ва уларни биргаликда ҳаётга татбиқ қилиш масаласини қўймоқда. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ушбу масалаларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистоннинг 2021 йилда Урганч ва Хива шаҳарларида туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича «Сайёҳ – 2021» халқаро форумини ўтказишни режалаштирмоқда. Барчангизни ушбу форумга таклиф қиламан, − деди. Ж. Саримсоқов.
Ж. Саримсоқов фикрича, федерациянинг ушбу ташаббуси Ўзбекистон раҳбариятининг туризм соҳасини ривожлантиришни миллий иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бири деб қараб, бу борада амалга ошираётган сиёсатига ҳамоҳангдир.
Вебинар чоғида Consumers International бош директори Ҳелена Лоран «Сайёҳ – 2021» халқаро форумида қатнашиш нияти борлигини изҳор қилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) тузилганининг 60 йиллиги муносабати билан БМТ агентликлари раҳбарлари иштирокида бир қанча видеоконференция форматидаги учрашувларни ўтказмоқда ва Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ходимлари ҳам ушбу тадбирларда фаол иштирок этмоқда.
Шерали Сатторов