Ўзбекистон крикет федерацияси (ЎКФ) 2019 йилда ташкил этилган. Фаолиятига ҳали унча кўп бўлмаган крикет федерацияси томонидан ҳозиргача 6 та 13 ёшгача, 4 та 19 ёшгача, 4 та катталардан иборат ҳамда 1 та хотин-қизлар жамоалари тузилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда истиқомат қилиб, турли соҳаларда меҳнат қилаётган чет эллик мутахассислардан иборат 2 та жамоа ҳам шаклланган. Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Фарғона, Самарқанд, Тошкент, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида ҳам жамоалар мавжуд. Ўтган даврда йиғилган жамоалар ўртасида крикет бўйича мусобақалар режага кўра ўтказилмоқда.

2020 йили ЎКФ раиси Азиз Михлиев БААнинг Дубай шаҳрида Халқаро крикет кенгаши (ICC) ва Осиё крикет кенгаши (АCC) раҳбарияти билан учрашувида Ўзбекистон крикет федерациясининг Халқаро ва Осиё крикет кенгаши аъзолигига қабул қилиниши масаласи муҳокама қилинганди.

ICCнинг Осиё мамлакатларида крикетни ривожлантириш бўлими бошлиғи, олий тоифали халқаро эксперт Иқбол Сикандер ва ICCнинг молиялаштириш ишлари менежери Нитеша Котарий жорий йил 11-13 июль кунлари Тошкентда бўлиб, ЎКФ фаолияти билан яқиндан танишди.

Экспертлар Ўзбекистон крекит федерацияси раиси Азиз Михлиев ҳамроҳлигида Спортни ривожлантириш вазирлигига ташриф буюрди. Уларни вазир ўринбосари Абдулла Аслонов қабул қилди.

Учрашувда томонлар крикет спорт турини мамлакатимизда ривожлантириш ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди. Ўз навбатида, Спортни ривожлантириш вазирлиги крикет спорт турини оммалаштириш борасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Меҳмонлар Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида, Қибрай туманида қурилаётган крикет майдонида ҳамда Юнусобод туманидаги 258-умумий ўрта таълим мактаби ҳудудида “Anfa” крикет клубининг янгидан барпо этилган, халқаро стандартларга мос машғулот майдонида ҳам бўлди.

Ташриф доирасида пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида ОАВ ходимлари учун матбуот анжумани ҳам ўтказилди.

ЎКФ фаолияти билан яқиндан танишган вакиллар хулосаларини ICC раҳбариятига тақдим этади.

Ишонч билан айтиш мумкинки, тез орада Ўзбекистон крикет федерацияси ҳам ICCнинг тўлақонли аъзоси бўлиб, рўйхатдан ўтади.

Илҳом РАҲМОНОВ тайёрлади