Йиғилишда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари иштирок этди.
2022 йил учун Давлат инвестиция дастури доирасида халқаро молия институтлари маблағларини жалб этган ҳолда жами қиймати 14,2 миллиард доллар бўлган 111 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётгани, шундан йил охиригача 2,2 миллиард доллар ўзлаштирилиши режалаштирилгани таъкидланди. Шунингдек, йил охиригача умумий қиймати 2,4 миллиард доллар бўлган 29 та инвестиция лойиҳаси фойдаланишга топширилади.
Ҳудудлар ва тармоқлар кесимида юқоридаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди. Тендер ўтказиш ва тендер таклифларини баҳолаш, лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрларини мувофиқлаштиришга сарфланадиган вақтни қисқартириш имкониятлари ўрганилди. Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ходимларининг малакасини ошириш ва пудрат ташкилотлари томонидан лойиҳаларнинг ҳаётга жорий этилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Лойиҳаларни амалга оширишга масъул бўлган вазирлик ва идоралар раҳбарларига юқоридаги кечикиш ҳолатларининг олдини олиш, жалб этилаётган хорижий инвестицияларнинг мақсадли ўзлаштирилишини таъминлаш ҳамда лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш вазифаси юклатилди.
Йиғилиш якунида тегишли раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги таъкидланди ва белгиланган вазифаларни сифатли бажариш доирасида қўшимча топшириқлар берилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.