Ўзбекистон Нотариал палатаси томонидан Халқаро нотариуслар иттифоқи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамкорлигида  ўтказилган халқаро анжуманни Ўзбекистон Нотариал палатаси раиси, Осиё ишлари комиссияси президенти Дилшод Ашуров олиб борди.

Дастлаб сўз олган ХНИ президенти Лионель Галлиез жаноблари тадбирни расман очиқ, деб эълон қилди ва 30 дан зиёд давлатдан ташриф буюрган 300 нафар иштирокчиларни қутлади.

Шундан сўнг, Ялпи йиғилиш кун тартибида турган масала – “Нотариат соҳасини рақамлаштиришни такомиллаштиришда хорижий амалиётлар” мавзуси юзасидан хорижий давлатларда ушбу мавзу бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маърузалар тингланди. 

Анжуман иштирокчилари Хитой, Япония, Корея, Мўғулистон, Қозоғистон, Индонезия, Вьетнам ва бошқа давлатларнинг нотариат соҳасини рақамлаштириш борасидаги тажрибаларини қизиқиб тингладилар.

Сўнгра, 14-Ялпи йиғилиш кун тартибидаги масала – Осиё ишлари комиссиясига 2025 йил учун президент сайлаш масаласи кўриб чиқилди.

ОИКнинг ҳозирги президенти Д.Ашуров ОИК фаолияти ҳақида сўзлаб, ушбу фаолиятни келгуси йилда бошқариш учун президентликка Мўғулистон Нотариал палатаси раиси Баянджаргал Чандрабаалнинг номзодини кўрсатди.

Комиссия аъзолари бир овоздан тавсия этилган номзодни маъқулладилар. Баянджаргал Чандрабаал ХНИ Осиё ишлари комиссияси президенти этиб сайланди.
Комиссия, шунингдек, кун тартибида турган масалаларни муҳокама қилди.

Эртага халқаро анжуман “Меросни расмийлаштиришнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида давом этади.