Сўнгги вақтларда Жанубий Кореянинг етакчи оммавий ахборот воситалари, хусусан, инглиз тилида нашр этиладиган йирик газеталардан бири — “The Korea Times” Ўзбекистон имижини тарғиб қилишда мамлакатимиз элчихона билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда, деб хабар беряпти “Дунё” АА.
Бугун мамлакатимизнинг Сеул шаҳридаги элчихонаси ходимлари “The Korea Times” газетаси вакиллари билан музокаралар ўтказди. Унда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар, Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсати мазмун моҳиятини хорижий муштарийлар ва Жанубий Корея кенг жамоатчилиги орасида тарғиб қилишга қаратилган туркум мақолаларни нашр этишга келишиб олинди.
Томонлар, шунингдек, Халқаро пресс-клуб билан “The Korea Times” газетаси ўртасида имзоланиши режалаштирилган ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандуми лойиҳасини муҳокама қилди. Ушбу ҳужжат ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш, келажакда мутахассисларнинг ўзаро ташрифларини амалга оширишни ўз ичига олади.
Бундан аввалроқ Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжа ва Жанубий Кореянинг нуфузли нашри “The Korea Times” президенти, жаноб Оҳ Ёнг Жин ўртасида онлайн мулоқот ўтказилган. Бу ҳақда университет ахборот хизмати маълумот берди.
Виртуал учрашувдан кўзланган мақсад медиа соҳасида ўз ўрнига эга икки ОАВ ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, Ўзбекистон ва Корея Републикаси ҳаётида рўй бераётган янгиликлар билан икки мамлакат халқини таништириб бориш, ҳамда мамлакатимиз журналистикасида медиамайдонча бўлган Халқаро пресс-клуб орқали маҳаллий бошқа ОАВ билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишдир.
— Халқаро пресс-клуб ҳамкорлик учун очиқ ташкилот. Биз дунёнинг бошқа пресс-клублари билан ҳам ҳамкорликда ишлаймиз. Хусусан, ўтган йили Бельгия пресс-клуби билан биргаликда экология мавзусига доир кўрсатув тайёрлаганмиз, — деди Шерзодхон Қудратхўжа видеомулоқотда. — Биз пресс-клубнинг жонли сессиялари доирасида Ўзбекистондаги янгиликлар, воқеалар билан маълумотларни “The Korea Times” нашри учун ҳам мунтазам бериб боришга тайёрмиз. Қолаверса, бу йил Ўзбекистонда Президент сайловлари ҳам бўлиб ўтади. Бу муҳим ва қизиқарли жараёндан қайноқ янгиликларни ҳамкасбларимизга етказиб туришдан хурсанд бўламиз.
“The Korea Times” нашри президенти ҳам Халқаро пресс-клуб Ўзбекистондаги нуфузли медиаташкилотлардан бири экани, ҳукумат ва халқ билан очиқ мулоқот борлиги учун ҳам унда катта қизиқиш пайдо бўлганини таъкидлаб, жумладан шундай деганди: “Ўзбекистонда 400 мингдан ортиқ корейс миллатига мансуб фуқаро, Жанубий Кореяда эса 75 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси истиқомат қиляпти. Бу икки давлат фуқароларининг ҳам мамлакатларимизда қандай янгиликлар бўлаётганига қизиқиши мавжудлигидан далолат беради”.