Йиғилишда Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режаларини тасдиқлаш, Ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индекслар билан ишлашга масъул вазирлик ва  идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун тренинглар ўтказиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, жорий йилнинг 3 июль куни БМТнинг саноатни ривожлантириш ташкилоти (UNIDO) томонидан чоп этилган “Рақобатбардош саноат унумдорлиги” индексининг 2020 йилги ҳисоботида мамлакатимиз илк маротаба акс эттирилиб, 152 та мамлакат орасида 92-ўринни, МДҲ таркибига кирувчи республикалар орасида 5-ўринни, Марказий Осиё мамлакатлари орасида 2-ўринни эгаллади.

Йиғилишда Халқаро рейтинг ва индексдаги мамлакатимиз ўрнини яхшилаш кўп жиҳатдан қабул қилинган қонунларимизнинг жойлардаги ижроси билан боғлиқлиги таъкидланди. Бундан ташқари, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари вакиллари, жумладан, журналист ва блогерлар билан ҳамкорлик қилиш зарурлиги қайд этилди.

Шу билан бирга, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари муайян тор доирадаги шахсларнинг манфаатига хизмат қилиши керак эмаслигига урғу берилди.

Кенгаш аъзолари томонидан ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларга оид устувор халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикасининг ўрнини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режалари лойиҳалари муҳокама қилиниб, тасдиқланди.

Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашга масъул вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун ишлаб чиқилган тренинг дастурлари муҳокама қилинди.

Тренинглар юзасидан тақдимотлар ва тарқатма материаллар пухта ва қизиқарли бўлиши кераклиги, тренерларнинг малакаси ва тренингларнинг сифати учун Кенгаш ишчи органлари шахсан масъул ҳисобланиши таъкидланди.

Йиғилиш якунида мамлакатимизнинг устувор халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш, инвестициявий жозибадорлиги ошириш, фаолияти тўхтатилган тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш жараёнларини соддалаштириш юзасидан Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсуновнинг таклифлари ҳам кўриб чиқилди.

Кенгаш аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олиб, Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати