Кеча Миллий матбуот марказида “Олтин қалам” Миллий мукофоти халқаро танловини ўтказиш ташкилий қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўтган йили бутун дуёда бўлгани каби юртимизда ҳам турли соҳаларда режалаштирилган аксарият ишлар, режалар амалга ошмай қолди. Шу жумладан, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Олтин қалам” Миллий мукофоти халқаро танлови ҳам тўхтатилди. Жорий йилда эса ижодкорларнинг мазкур кўриги ҳар йилгидек кўтаринки ўтказилиши кўзда тутиляпти.

Йиғилишда Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Ҳолмурод Салимов ОАВ вакилларига шулар ҳақида маълум қилди. Шунингдек, “Олтин қалам” XV Миллий мукофоти учун халқаро танловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича кун тартибидаги ташкилий масалалар кўриб чиқилди. Таъкидлаш жоизки, бу галги танлов материалларига ОАВларнинг ҳам онлайн овоз беришига имкон яратиш режалаштириляпти. Ҳар йилгидек хорижлик журналистлар ҳам ўз номинациялари билан иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Танлов Низомига ўзгартиришлар киритиш юзасидан иштирокчилар фикрлари тингланиб, таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириш учун муддат белгиланди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2006 йилда илк бор ўтказилган ушбу танловда 136 нафар журналист 1669 та ижодий иши билан қатнашган бўлса, 2019 йили XIV Миллий мукофот учун танловда 510 нафар ижодкор 7500 га яқин материал билан иштирок этган. Ушбу кўрсаткичлар танловнинг кўлами ва нуфузи йилдан-йилга ошиб бораётганидан далолатдир.

Бу эса журналистларда фуқаролик позицияларини намоён этиш, танқидий фикрлаш ва ижодий фаолиятга янгича ёндашишни шакллантираётгани билан аҳамиятли.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири